Депутатлар геология соҳасидаги масалалар билан танишди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзолари Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳамда унинг тизим ташкилотларида бўлиб, ер ости сув ресурсларини муҳофаза қилиш, улардан оқилона фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.
Сув ресурсларини асраб-авайлаш, ер қаъридан ва фойдали қазилмалардан оқилона фойдаланиш, геология соҳасига замонавий технологияларни жорий этиш долзарб бўлиб бораётган бугунги кунда ер ости сувлари захираларини сақлаш, уларнинг камайиши ва ифлосланишининг олдини олиш, сув ресурсларидан фойдаланишда қонунийликни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Мулоқот чоғида ушбу йўналишда олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, соҳадаги мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинди. Парламент назорати самарадорлигини ошириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, тадбир давомида қўмитанинг Самарқанд ва Навоий вилоятлари мисолида ер ости сувларидан фойдаланиш ҳолати юзасидан ўтказган назорат-таҳлил тадбирлари натижалари бўйича қабул қилинган қарор ижроси юзасидан амалга оширилган ишлар ҳам кўриб чиқилди.
Қўмита аъзолари Ер қаъридан фойдаланиш маркази, Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси, “Ўзбекгидрогеология” давлат муассасаси ҳамда ГИДРОИНГЕО институти фаолияти билан яқиндан танишди. Ер қаъри участкаларини аукционга чиқариш, рухсатномалар бериш, назорат механизмлари, ер ости сувлари мониторинги, гидрогеологик маълумотларни рақамлаштириш ва илмий-тадқиқот ишлари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув доирасида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамда Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.
М.Комилова, ЎзА