Ижтимоий ҳимоя: ҳаёт сифати ва эртанги кунга бўлган ишонч ошмоқда
Инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва ҳар бир мурожаатга манзилли ечим топиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Хусусан, Тошкент вилоятининг Бўка тумани Рамадон маҳалласида ҳам бу борада амалга оширилаётган ишлар ўзининг амалий самараси билан эътиборга молик.
Ҳудудда ҳозир 1 минг 157 та оила, 1 минг 11 та хонадон мавжуд бўлиб, 73 нафар ногиронлиги бўлган шахс истиқомат қилади. Комплекс ижтимоий хизматлар тизими доирасида ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, фуқароларга уларнинг эҳтиёжи ва шароитидан келиб чиққан ҳолда манзилли хизматлар кўрсатилмоқда.
Йил бошидан буён аҳоли томонидан 150 дан ортиқ мурожаат қабул қилиниб, уларнинг 85 фоиздан зиёди ижобий ҳал этилди. Оғир ҳаётий вазиятга тушган оилаларни қўллаб-қувватлаш бугунги кунда энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Масалан, Дилфуза Галиеванинг турмуш ўртоғи Шерали Жалолов узоқ йиллардан буён Россия Федерациясида меҳнат фаолиятини олиб бораётган бўлса-да, кейинги йилларда оиласи билан деярли алоқа қилмаган. Натижада ёлғиз аёл боши билан олти нафар фарзандни тарбиялаш ва уларни моддий томондан таъминлаш борасида қийинчиликларга дуч келган.
Шу сабаб, маҳалладаги ижтимоий хизматлар тизими орқали мазкур оила доимий қўллаб-қувватланмоқда. Энг муҳими, оиладаги барча фарзандлар таълим билан тўлиқ қамраб олинган. Тадбиркорлар ва саховатпеша ҳомийлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда моддий ёрдамлар мунтазам ажратилмоқда.
2025 йил сентябрь ойида “Саховат ва кўмак” жамғармаси томонидан бу оила кийим-кечак ва пойабзал билан таъминланди. Куз-қиш мавсумида электр энергияси ҳамда табиий газ харажатларини қоплаш учун 1 миллион сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам берилди. Рамазон ойида эса “Вақф” жамғармаси томонидан 500 минг сўм миқдорида моддий ёрдам ажратилди. Шунингдек, Бўка тумани “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан оиланинг вояга етмаган фарзандларига қонунчиликда белгиланган тартибда ижтимоий хизматлар ва амалий кўмаклар кўрсатиб келинмоқда.
Бу каби манзилли ишлар нафақат эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, балки уларнинг ҳаёт сифати ва эртанги кунга бўлган ишончини оширишга ҳам хизмат қилмоқда.
Ниҳола Йўлдошева,
Бўка тумани Рамадон маҳалласи ижтимоий ходими,
ЎзА.