Олис ҳудудлардаги ёшлар учун тадбиркорликка кенг йўл очилмоқда
Бизнес-омбудсман томонидан мамлакатимиздаги саноат зоналари фаолияти таҳлил қилиниб, олис ва чўл ҳудудларида яшовчи ёшлар учун муҳим имкониятларни чеклаб келаётган муаммо бартараф этилди.
Бугунги кунда республика бўйича 756 та саноат зонаси фаолият юритиб, уларда умумий қиймати 65,4 триллион сўмлик 4 915 та лойиҳа амалга оширилган.
Ўрганишлар жараёнида аниқланишича, ҳукуматнинг 559-сонли қарорига мувофиқ, олис ва чўл ҳудудларидаги ёшлар саноат зоналаридаги ер майдонларини "1 сўм" бошланғич нархда электрон аукцион орқали сотиб олиш ҳуқуқига эга. Аммо "Ерелектрон" ва "E-auksion" ахборот тизимлари ўртасида маълумот алмашинуви йўлга қўйилмагани сабабли мазкур имтиёз амалда ишламаётган эди.
Мазкур муаммони ҳал этиш мақсадида Бизнес-омбудсман масъул ташкилотларга тегишли таклиф ва хулосалар киритди. Натижада Кадастр агентлиги ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда техник тўсиқлар бартараф этилди.
Эндиликда олис ва чўл ҳудудларида жойлашган саноат ва тадбиркорлик зоналарининг манзилли рўйхати тасдиқланиб, ёшлар учун ер майдонларини "1 сўм" бошланғич қийматида харид қилиш имконияти тўлиқ ишга туширилди.
Ушбу янгилик юзлаб ёш тадбиркорларга катта сармоясиз ўз бизнесини бошлаш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ва иқтисодий фаоллигини ошириш имконини беради. Шу билан бирга, мазкур ташаббус натижасида 1 мингдан ортиқ ёшлар доимий иш ўринлари ва барқарор даромад манбаи билан таъминланиши кутилмоқда.
Б.Худойбердиев, ЎзА