Ижро маҳоратларини намойиш этишди
Сирдарё вилоятида Ўзбекистон давлат филармонияси ташаббуси билан ташкил этилган “Филармония ёш ижодкорлари Республика кўрик танлови”нинг вилоят босқичи вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтди. Ушбу тадбир ёш ижодкорлар учун ўз истеъдодларини намоён қилиш ва ижодий салоҳиятларини янада ривожлантиришда муҳим майдон бўлди.
Танловда эстрада, халқ ва академик мусиқа йўналишлари, шунингдек рақс ва бошқа санъат турлари бўйича иқтидорли ёшлар иштирок этишди. Иштирокчилар саҳнада овоз ва ижро маҳоратини тақдим этиш билан бирга, янгича интерпретация, ижодий услуб ва саҳна кўринишларини ҳам намоён этишди. Бу эса ҳакамлар ҳайъати ва томошабинлар олдида уларнинг салоҳиятини аниқ баҳолаш имконини берди.



Танлов натижасига кўра, эстрада йўналишида фахрли 1‑ўринни Достон Ғайбуллаев эгаллаб, республика босқичида иштирок этиш учун йўлланмага сазовор бўлди. Шунингдек, энг юқори баҳо олган барча ёш ижодкорлар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири