Ижод, китоб ва ҳаёт ҳақида самимий суҳбат
Китоб инсонни фикрлаш, изланиш, ҳаётга теранроқ назар билан қарашга ундайди. Ижодкор билан учрашув эса ёшлар учун нафақат қизиқарли мулоқот, балки ҳаётий тажриба ва ижод сирларидан баҳраманд бўлиш имконидир.
Самарқанд вилоятининг Иштихон туманидаги 33-умумтаълим мактабида ўтказилган ижодий учрашув ҳам ана шундай мазмунли ва самимий мулоқотлардан бири бўлди.
Мактабда таниқли журналист ва ижодкор Улуғбек Урунов (Улуғбек Пўлатзода) иштирокида маданий-маърифий ҳамда ижодий учрашув ташкил этилди.
Ушбу билим маскани ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирок этган тадбирда журналистика, адабиёт, ижодкорлик ва китоб мутолаасининг инсон ҳаётидаги аҳамияти хусусида фикр алмашилди. Ижодкорнинг 33-мактаб битирувчиси экани, унинг журналистика ва адабиёт соҳасидаги кўп йиллик фаолияти ҳам алоҳида эътироф этилди.

30 йиллик журналистик ва ижодий фаолияти давомида Улуғбек Пўлатзода қатор нашриёт ва оммавий ахборот воситаларида меҳнат қилган. “Нариги дунё”, “Бўрона”, “Гунг қиздан салом”, “Қарз” каби асарлари китобхонлар эътиборига ҳавола этилган.
Ижодкор кўп йиллик меҳнати ва ижодий изланишлари давомида орттирган тажрибалари билан ўртоқлашиб, ёшларни китоб ўқишга, изланишга, ўз олдига аниқ мақсад қўйиш ва танлаган касбига сидқидилдан ёндашишга чақирди.
– Бу мактаб менинг ҳаётимда алоҳида ўрин тутади. Инсоннинг келажагига пойдевор айнан мактабда қўйилади. Бу ерда олган билимларим, устозларимдан эшитган сабоқларим кейинги ҳаёт йўлимда катта аҳамият касб этди. Журналистикада қарийб 30 йил фаолият юритган бўлсам, ижод менга одамларни яхшироқ англаш, уларнинг дарди ва қувончини ҳис қилиш имконини берди. Ёшларга доимо китоб ўқишни, изланишни ва ўз касбига сидқидилдан ёндашишни тавсия қиламан. Чунки инсоннинг энг катта бойлиги унинг билими ва ҳаётий тажрибаси ҳисобланади, – деди У.Урунов.

Учрашув давомида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, журналистика, адабиёт ва ижод жараёнига оид фикр-мулоҳазаларини билдирди. Айниқса, ижодкорнинг асарлари қандай яратилиши, журналистика касбининг ўзига хос жиҳатлари ва бу соҳада муваффақият қозониш учун нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақидаги суҳбатлар қизиқарли кечди.
Бугун Улуғбек Урунов “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ бошқаруви раисининг маслаҳатчиси сифатида фаолият юритмоқда. Шу билан бирга, унинг ижод ва адабиётга бўлган қизиқиши янада ортиб, янги асарлар яратиш борасида самарали ижод қилмоқда.
Самимий мулоқот ва қизиқарли савол-жавобларга бой кечган учрашув ўқувчиларда катта таассурот қолдирди. Бу каби тадбирлар ёшларни китобга, илм ва ижодга қизиқтириш, уларнинг дунёқарашини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА