Ижарада яшаётганларга яшаш ҳудудиддаги маҳалладан моддий ёрдам ажратиладими?
Самарқанд вилоятида доимий рўйхатда тураман.
Долзарб саволга батафсил жавоб
Самарқанд вилоятида доимий рўйхатда тураман. Ҳозирда Тошкент шаҳрида ижарада яшайман. Карантин муносабати билан ишсиз қолдим. Мен ҳам Тошкент шаҳридаги Ҳомийлик марказидан озиқ-овқат ёрдами олсам бўладими? Пул маблағларичи?
Бу ва шунга ўхшаш саволларнинг айни вақтда кўплигини ҳисобга олиб ушбу саволга Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева жавоб беради.
“Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги Ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари фаолиятида бу каби ҳолатлар жуда кўп учраб туради. Мавжуд амалиётга кўра, ҳомийлик ёрдамлари фуқаронинг айни вақтда яшаб турган манзилига етказиб берилади. Яъни фуқаро маълум бир жойда доимий рўйхатда туриши ёки турмаслигидан қатъи назар ҳозирда яшаб турган уй манзилига юборилади.
Шахслар ҳомийлик маҳсулотларини олиши учун аввало, яшаб турган ҳудудидаги фуқаролар йиғинига мурожаат қилиши тавсия этилади. Шунингдек, мамлакатимиз миқёсида ягона ҳисобланувчи 1197 қисқа рақамлари ёки ҳудудлардаги Ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказларининг “Call center” марказларига телефон орқали мурожаат қилинади. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида ҳам аҳолига янада қулайлик яратиш, ҳомийлик маҳсулотларини аҳолига етказиш, бу борада аҳоли мурожаатларини қабул қилиш мақсадида ишонч телефонлари фаолият юритмоқда. (71) 203-01-21 рақамли мазкур телефон рақамларига ҳар куни 9:00 дан 17:00 га қадар қўнғироқ қилиб мурожаатларингизни қолдиришингиз мумкин.
Ҳомийлик пул маблағларини аҳолига етказиш Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди республика бошқаруви, фонднинг ҳудудий бўлинмалари ҳузурида ташкил этилган «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Мазкур пул маблағлари тегишли тартибда «Маҳалла» фонди Васийлик кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар кенгашларининг тасдиқланган қарор ва рўйхатлари асосида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли оилалар, ногиронлиги бўлган, ёлғиз яшовчи, шунингдек, вақтинча ишсиз фуқароларга берилади. Бундан хулоса шуки, нақд пул кўринишидаги моддий хайрия ёрдамларини кўрсатиш фуқароларнинг доимий рўйхатдан ўтказилган манзили бўйича амалга оширилади"