Истироҳат боғида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ўтказилди
Инсоннинг имконияти унинг жисмоний ҳолати билан эмас, аввало, қалбидаги ишонч, интилиш ва меҳнатга бўлган муҳаббати билан белгиланади. Бугун юртимизда ногиронлиги бўлган шахслар ва болаларни жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида қўллаб-қувватлаш, уларнинг қобилиятини рўёбга чиқариш, меҳнат қилиши ва ўз истеъдодини намоён этиши учун муносиб шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қобилиятини ривожлантириш, касб-ҳунарга ўргатиш, бандлигини таъминлаш ва улар яратган маҳсулотларни оммалаштиришга қаратилган ишлар инсонпарвар сиёсатнинг амалий ифодаси бўлмоқда.
Бухоро шаҳридаги “Somoniylar” марказий истироҳат боғида ташкил этилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ҳам ана шундай эзгу мақсадларни ўзида мужассам этди. Ярмарка доирасида ногиронлиги бўлган болалар ва шахслар томонидан тайёрланган турли маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Унда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси тасарруфидаги муассасалар, жумладан, махсус мактаб-интернатлар ўқувчилари ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун “Ғамхўрлик” марказларида истиқомат қилувчилар томонидан яратилган ижодий ишлар кенг намойиш этилди.


Бир қарашда оддийдек туюлган ҳар бир буюм ортида эса катта меҳнат, сабр, интилиш ва орзу бор. Кўргазмадан жой олган кулолчилик намуналари, тикувчилик ва тўқувчилик маҳсулотлари, рангтасвир асарлари, турли қўл меҳнати асосида тайёрланган безак буюмлари инсон имкониятларининг чегараси йўқлигини яна бир бор намоён этди. Айниқса, махсус таълим муассасалари ўқувчилари томонидан тайёрланган ижодий ишлар кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Чунки бу ерда фақат тайёр маҳсулотлар эмас, балки болаларнинг орзулари, дунёқараши, тасаввури ва меҳнатга бўлган муносабати ҳам акс этган эди.
Қўлда яратилган ҳар бир буюм — бир ҳунар намунаси. Аммо унинг қадри фақат ташқи кўриниши ёки безагида эмас. Унда ўз имкониятига ишонган инсоннинг ҳаракати, меҳнати ва ҳаётга бўлган интилиши мужассам.
Кўргазма давомида маҳсулотларга тадбиркорлар ва фуқаролар томонидан қизиқиш билдирилиб, уларнинг айримлари харид қилинди. Бу эса ижодкорлар учун нафақат моддий рағбат, балки “Менинг меҳнатим керак, менинг қобилиятим қадрли”, деган ишончни янада мустаҳкамловчи муҳим маънавий қўллаб-қувватлашдир.


Зеро, ижтимоий ҳимоянинг асл мазмуни инсонга фақат ёрдам бериш билан чекланиб қолмаслиги керак. Энг муҳими — унинг ўз имкониятларига ишонишига, касб-ҳунар эгаллашига, меҳнат қилишига, ўз меҳнати билан жамиятда муносиб ўрин топишига шароит яратишдир. Бугун мамлакатимизда илгари сурилаётган “Инсон қадри учун” тамойилининг мазмун-моҳияти ҳам шунда. Ҳар бир инсоннинг қобилиятини кўриш, уни қўллаб-қувватлаш, меҳнатига муносиб баҳо бериш ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиши учун имконият яратиш — инсонпарвар давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан биридир.
Бундай кўргазмалар эса ана шу эзгу мақсадларни ҳаётга татбиқ этишнинг таъсирчан усулларидан бири. Чунки ижодкор инсон ўз қўли билан яратган буюми орқали нафақат маҳоратини, балки ўзининг ички дунёси ва имкониятларини ҳам намоён этади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири