Қўмита раиси тадбиркорлар билан мулоқот ўтказди
Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раиси Азизбек Урунов Андижон вилоятидаги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланаётган корхоналар вакиллари, тадбиркорлар билан учрашди.
Учрашувда дастлаб иштирокчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12 майдаги “Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида ягона давлат бошқаруви ва назорат тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг аҳамияти, мазмун-моҳияти ҳақида маълумотлар берилди.
Жумладан, фармонда белгиланган муҳим вазифалар — такрорланувчи функцияларни мақбуллаштириш, хавф таҳлилига асосланган назорат тизимини жорий этиш, давлат бошқарувини ягона тизим асосида ташкил этиш ва соҳага халқаро амалиётларни татбиқ этиш хусусида тушунчалар берилди.
Учрашувда Андижон вилояти мамлакат озиқ-овқат саноатида салмоқли ўрин эгаллаши алоҳида қайд этилди. Хусусан, вилоятда 2025 йилда 9,6 триллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, жорий йилнинг январь – май ойларида ушбу кўрсаткич 4,5 триллион сўмни ташкил этди. Шунингдек, вилоят хомашёни қайта ишлаш, тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспортбоп маҳсулотлар яратишда мустаҳкам база ва кенг имкониятларга эга эканлиги айтиб ўтилди.


Мулоқот давомида тадбиркорларга озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишда хавфсизлик ва гигиена талабларига риоя қилиш, хомашё ва тайёр маҳсулот хавфсизлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва реализация жараёнларида белгиланган талабларни бажариш муҳимлиги, бунда маҳсулот хавфсизлигини фақат тайёр маҳсулот босқичида эмас, балки “даладан дастурхонгача” бўлган бутун занжир жараёнида таъминлаш тамойили муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг корхоналар вакиллари ва тадбиркорларнинг озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш жараёнлари, маҳсулотлар хавфсизлиги, экспорт талаблари, ветеринария йўналишидаги масалалар, фаолиятлари давомида учраётган мавжуд муаммолар юзасидан мурожаат, муаммо ва таклифлари эшитилди.
Мурожаатларнинг бир қисми жойида ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш ва вақт талаб этадиган масалалар назоратга олиниб, уларни ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ ва тавсиялар берилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири