Истиқлол — буюк мақсадлар йўли
Ўттиз беш йил... Тарих нуқтаи назаридан бу қисқа давр. Аммо халқ ҳаёти учун улкан ўзгаришлар, буюк орзулар ва бунёдкорликлар билан тўлган салмоқли бир тарихдир. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон ўз тақдирини ўзи белгилаш, миллий тараққиёт йўлини танлаш ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш имкониятига эришди.
Бугун юртимиздаги ўзгаришларни кўриб, босиб ўтган йўлимизга назар ташлар эканмиз, эришилган натижалардан фахрланиш билан бирга, тинч ва осойишта ҳаётимиз учун шукрона айтиш ҳам қалбимиздан ўтади.
Айни пайтда Ўзбекистонда барча соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Таълим, илм-фан, тиббиёт, иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги, маданият, спорт ва бошқа йўналишларда янгиланишлар изчил давом этмоқда. Энг муҳими, бу ислоҳотларнинг марказида инсон манфаати, унинг қадр-қиммати ва муносиб ҳаёт кечириши учун шарт-шароит яратиш мақсади турибди.
Дунё ҳам Ўзбекистондаги ўзгаришларни, очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни, тинчликсеварлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка асосланган муносабатларни эътироф этмоқда. Мамлакатимиз Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб билан ҳамкорлик кўприкларини мустаҳкамлаб, халқаро майдонда ўзининг муносиб ўрнини тобора мустаҳкамлаб бормоқда. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Ўзбекистон дунё давлатлари билан ҳамкорликни янада кучайтириш ва мамлакат тараққиётига хизмат қиладиган янги имкониятларни очиш йўлидан бормоқда. Албатта, бу ютуқларнинг энг катта таянчи — тинчлик ва барқарорлик.
Осойишта юртдагина мактаблар қурилади, олийгоҳлар ривожланади, илмий изланишларга кенг йўл очилади, тадбиркорлик тараққий этади, ёшлар орзу-мақсадларини эркин амалга ошириш имконига эга бўлади. Шу боис тинчлигимизни асраш, унинг қадрига етиш ва келажак авлодга бус-бутун етказиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Бу масъулият, айниқса, ёшлар тарбиясида яққол намоён бўлади.

Президентимиз ёшларни Ўзбекистоннинг буюк келажагини барпо этадиган асосий куч сифатида кўриб, уларнинг билим ва салоҳияти, ирода ва шижоатига катта ишонч билдириб келмоқда. Давлат раҳбари 2025 йил якунига бағишланган Мурожаатномасида ҳам мамлакатнинг улкан мақсадларига эришишда ёшларнинг куч ва салоҳиятига ишонч билдирган эди. Бу ишонч биз, устозлар зиммасига янада катта масъулият юклайди.
Зеро, бугун таълим олаётган ёш — эртага давлатни бошқарадиган раҳбар, илм-фанни ривожлантирадиган олим, янги технологиялар яратадиган муҳандис, халқ саломатлигини асрайдиган шифокор, фарзандларимизга сабоқ берадиган устоздир. Шундай экан, ёшларга фақат билим беришнинг ўзи кифоя эмас. Билим ва тарбия — бир тану бир жон бўлмаса, комил авлодни тарбиялаб бўлмайди.
Тарбиясиз билим жамият учун кутилмаган муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Бироқ яхши тарбияланган, лекин етарли билим ва касбий кўникмага эга бўлмаган инсон ҳам замонавий ҳаёт талабларига жавоб беришда қийналади. Шунинг учун биз, устозларнинг бугунги шиоримиз битта: “Таълим бериб тарбиялаймиз, тарбиялаб таълим берамиз!” Бу оддий шиор эмас. Бу — келажак авлод олдидаги касбий ва маънавий масъулиятимизнинг ифодасидир.
Бугун дунё шиддат билан ўзгармоқда. Сунъий интеллект, рақамли технологиялар, янги касблар, илм-фан ва инновациялар инсон ҳаётини тубдан ўзгартирмоқда. Бундай шароитда ёшларимиз замон билан ҳамнафас бўлиши, дунёдаги энг илғор билимларни эгаллаши, бироқ шу билан бирга миллий ўзлигини, тилини, тарихи ва қадриятларини асраб-авайлаши зарур. Биз ёшларга билим билан бирга тафаккурни, касб билан бирга масъулиятни, ҳуқуқ билан бирга бурчни, эркинлик билан бирга ватанпарварликни ўргатишимиз керак. Чунки Ватанни севиш — унинг ютуқларидан фахрланишгина эмас. Ватанни севиш — унинг келажаги учун масъулиятни зиммага олиш, ҳалол меҳнат қилиш, илм ўрганиш, янгилик яратиш ва жамиятга наф келтириш демакдир.
Мустақилликнинг 35 йиллиги биз учун ана шу маънода катта тарихий сабоқдир. Ўтган даврда нималарга эришганимизни сарҳисоб қилиш билан бирга, олдимизда турган буюк вазифаларни ҳам чуқур англашимиз лозим. Бугун биз барпо этаётган таълим муассасалари, замонавий лабораториялар, илмий марказлар, янги авлод мактаблари ва олийгоҳлар — эртанги Ўзбекистоннинг интеллектуал пойдеворидир. Уларнинг энг катта бойлиги эса — ёшлар.
Агар биз ёшларга сифатли таълим, мустаҳкам тарбия, муносиб муҳит ва ўз иқтидорини намоён этиш учун имконият ярата олсак, улар мамлакатимизнинг бугунги ютуқларини янги, янада юксак босқичга олиб чиқади. Шу боис янги ўқув йили остонасида ҳар бир устоз ўз олдига бир савол қўйиши керак: “Мен бугун тарбиялаётган ўқувчим ёки талабам эртага Ватанга қандай наф келтиради?” Ана шу савол бизга йўл кўрсатса, таълимдаги ҳар бир дарс, тарбиядаги ҳар бир суҳбат, устознинг ҳар бир сўзи ва шахсий намунаси ўзининг ҳақиқий самарасини беради.
Мустақиллик — бизга берилган энг буюк неъмат. Уни асраш ва мустаҳкамлаш эса барчамизнинг вазифамиз. Бу вазифанинг энг ишончли кафолати — билимли, маънавиятли, ватанпарвар ва фидойи авлодни тарбиялашдир.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги минг йилларга улансин! Янги ўқув йили Ватанимиз таълими ва илм-фани учун улкан ютуқлар, янги кашфиётлар ва эзгу натижалар йили бўлсин. Барчамиз янги ўқув йилига янги куч-қувват, юксак шижоат, катта масъулият ва қалбимизда Ватанга бўлган чексиз меҳр билан қадам қўяйлик!
Зеро, бугун синф ва аудиторияларда тарбиялаётган авлодимиз — эртанги Ўзбекистоннинг қиёфасидир. Уларнинг билими, тарбияси ва ватанпарварлиги мамлакатимизнинг келажакдаги тараққиёт даражасини белгилайди.
Баҳодир Маъмуров,
Бухоро давлат педагогика институти ректори,
профессор.