Тадбиркорлик субъектларига техник жиҳатдан тартибга солиш талаблари тушунтирилди
Бугунги кунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида маҳсулот ва хизматларнинг белгиланган стандартларга мувофиқлигини таъминлаш, ўлчаш воситаларидан тўғри фойдаланиш ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш талабларига риоя этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу борада тадбиркорларнинг ҳуқуқий билим ва амалий кўникмаларини ошириш, мавжуд муаммоларни жойида ўрганиш ҳамда уларга амалий кўмак кўрсатиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Шу мақсадда Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекциясининг Наманган вилояти бўлими ходимлари томонидан Наманган туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди.
Унда “TOSHBULOQ TEKS” МЧЖ ҚК, “GIAN BROS TEXTILE” МЧЖ, “TOSHBULOQ MEGA STROY” МЧЖ, “NAM MOTOR SERVIS” МЧЖ вакиллари иштирок этди.

Мулоқотлар давомида техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш ва метрология йўналишларидаги амалдаги талаблар юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди. Шунингдек, тадбиркорлар учун яратилаётган имконият ва қулайликлар, соҳадаги қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар ҳамда уларнинг амалиётдаги аҳамияти ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Учрашувлар очиқ мулоқот шаклида ўтказилиб, тадбиркорларнинг савол, муаммо ва таклифлари тингланди. Мутахассислар томонидан мурожаатларда кўтарилган масалалар юзасидан тегишли тушунтириш ва амалий тавсиялар берилди.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА