Истеъмолчилар манфаатлари: Навоийда натижалар сарҳисоб қилинди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Навоий вилоят ҳудудий бирлашмасининг ҳисобот конференцияси бўлиб ўтди.
Федерация раҳбарияти, ҳамкор ташкилотлар ва ОАВ вакиллари ҳамда туман ва шаҳарлардан сайланган делегатлар иштирок этган тадбирда 2022 йилдан 2026 йилнинг 9 ойигача бўлган даврда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.

Ҳисобот даврида ҳудудий тузилмаларга 2 184 та мурожаат келиб тушиб, уларнинг 1 638 таси ижобий ҳал этилган. Натижада истеъмолчилар фойдасига 9 миллиард сўмдан ортиқ маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш йўналишида 29 та иш кўриб чиқилиб, истеъмолчилар фойдасига 610 миллион сўмдан зиёд моддий ва маънавий зарар ундирилиши таъминланган.

2026 йилнинг дастлабки 9 ойида келиб тушган 523 та мурожаатнинг 466 таси ижобий ҳал этилиб, истеъмолчилар фойдасига қарийб 2,727 миллиард сўм қайта ҳисоб-китоб қилинган. “Истеъмолчи билан мулоқот” ҳуқуқий маслаҳатхоналарига эса 1 546 та мурожаат келиб тушган.
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида 93 та жамоатчилик мониторинги ўтказилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотларга таклифлар киритилган. Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги ва истеъмол маданиятини ошириш мақсадида 56 та семинар ва 940 та давра суҳбати ташкил этилган. Уларда истеъмолчиларнинг шартнома, касса чеки, маҳсулот сифати ва кафолат ҳуқуқларига оид билимлари мустаҳкамланган.

Конференцияда мурожаатларни тезкор ва холис кўриб чиқиш, такрорий шикоятлар сабабларини таҳлил қилиш, низоларни судгача ҳал этиш имкониятларни кенгайтириш ва мониторинг натижалари ижросини назорат қилиш муҳим вазифалар сифатида қайд этилди.
Шунингдек, электрон тижорат ва онлайн харидлар шароитида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, электрон мурожаатлар тизимини такомиллаштириш ҳамда маҳаллаларда ҳуқуқий маслаҳатлар қамровини кенгайтириш келгусидаги устувор йўналишлар сифатида белгиланди.

Тадбир сўнггида 2026 йилнинг ноябрь ойида ўтказиладиган Федерациянинг навбатдаги ҳисобот конференциясида иштирок этиш учун делегатлар сайланди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири