Ғолиблар вилоят босқичига йўлланма олди
Андижон шаҳридаги 31-умумтаълим мактабида “Жадидлар изидан” республика танловининг Андижон шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси таълим ва илм-фан вазирлиги ташаббуси билан умумтаълим мактабларининг 6-10 синф ўқувчилари ўртасида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, китоб мутолааси ва китобхонликни кенг тарғиб этиш, буюк жадид алломалар, адиб ҳамда мутафаккирларимизнинг бой маънавий меросини ўрганиш орқали ўқувчиларнинг тафаккур ва маънавий дунёсини бойитиш, иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида иккита ёш йўналишида ўтказилаётган мазкур танловнинг Андижон шаҳар босқичида қатнашиш учун 14 минг нафардан зиёд ўқувчи онлайн рўйхатдан ўтди.
Икки ёш тоифаси – 6-8 синф ҳамда 10-11 синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган танловнинг саралаш босқичидан ўтган, мактаб, ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган 114 нафар ўқувчи шаҳар босқичида иштирок этиб, ўзларининг билим ва маҳоратларини намойиш этди.
[gallery-32138]
Белгиланган тест синови, савол-жавоб шартлари асосида ўтган танловнинг якуний натижаларига кўра, 6-8 синф ўқувчилари ўртасида энг юқори балл жамғарган Андижон шаҳридаги 43-умумтаълим мактаби ўқувчиси Асадулло Олимжонов, 9-10 синф ўқувчилари ўртасида эса 41-умумтаълим мактаби ўқувчиси Муслима Абдуазимбекова ғолиб деб топилиб, танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди.
Танловнинг ғолиб ва совриндорлари Андижон шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Танлов доирасида китоблар кўргазмаси ташкил этилди, шунингдек, жадид ижодкорлар ижоди бўйича ўтказилган мушоирада ўқувчилар фаол иштирок этди.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари