Истеъмолчилар ҳуқуқлари ишончли ҳимояда
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган. Айниқса, истеъмолчилар ҳуқуқларини муҳофаза қилиш борасида яратилган ҳуқуқий механизмлар ўз самарасини бермоқда.
Жумладан, Зарафшон шаҳрида яшовчи фуқаро Н.У. уй-жой харид қилиш мақсадида қурилиш компанияси билан шартнома тузиб, хонадон учун жами 176 миллион 100 минг сўм маблағ тўлаган. Бироқ шартномада белгиланган муддат келганига қарамасдан қурилиш ишлари якунланмаган ва объект фойдаланишга топширилмаган.
Шундан сўнг фуқаро Зарафшон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди. Мурожаат асосида мутахассислар томонидан ҳолат атрофлича ўрганилиб, истеъмолчининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўрилди.
Суд қарорига мувофиқ, фуқаро томонидан тўланган 176,1 миллион сўм маблағни қайтариш белгиланди.
Шунингдек, Томди туманида яшовчи фуқаро М.Э. ҳам ўз ҳуқуқларини тиклаш мақсадида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилди.
Мурожаатга кўра, қарийб 13 миллион сўмга сотиб олган музлаткич икки кундан кейин носоз ҳолга келиб, ишламай қолган. Бир неча бор сотувчига мурожаат қилишига қарамасдан сотувчи маҳсулотни алмаштириб бериш ёки тўланган маблағни қайтариш чораларини кўрмаган.
Мурожаат асосида ўтказилган ўрганишлар давомида сотувчига амалдаги қонунчилик талаблари ва истеъмолчининг ҳуқуқлари тушунтирилди. Натижада фуқаронинг қонуний талаби қаноатлантирилиб, носоз маҳсулот учун тўланган қарийб 13 миллион сўм маблағ тўлиқ қайтариб берилди.
Бу каби мисоллар мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, аҳолининг ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш ва адолат тамойилларини қарор топтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳаётда ўз ифодасини топаётганини кўрсатади. Энг муҳими, фуқаролар ўз ҳуқуқлари бузилган ҳолатларда тегишли ташкилотларга мурожаат қилиш орқали қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш имкониятига эга эканликларини яна бир бор тасдиқламоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири