Ислом дини асл манбаларини талқин қилишдаги ёндашувлар муҳокама этилди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ташаббуси билан “Ислом дини асл манбаларини талқин қилишдаги ёндашувлар: муаммо ва ечимлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Тошкент ислом институти ректори Уйғун Ғафуров мазкур анжуманнинг аҳамияти хусусида гапирди. Нотиқлар анъанага айланиб бораётган бундай илмий анжуманларни янада каттароқ кўламда ва кўпроқ ўтказилишини таъкидлашди.

Конференцияда Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси, Россия Федерацияси мусулмонлар диний бошқармаси, Қозон ислом университети, Москва ислом институти, Туркиянинг Памуккала ва Корабук университетлари ҳамда олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва магистрантлар иштирок этди.

Халқаро конференция ўз ишини иккита асосий йўналиш бўйича алоҳида шўъбалар асосида давом эттирди. Соҳа мутахассислари ва олимлар Қуръоншуносликнинг долзарб масалалари, глобаллашув даврида диний ихтилофларнинг олдини олишда ҳадис ва ҳадис илмларининг ўрни ва бошқа шу каби долзарб мавзуларни муҳокама қилди.

Ҳар бир шўъба доирасида соҳанинг фундаментал асослари ва замонавий ечимлари юзасидан илмий маърузалар тингланди.
Анжуман доирасида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти ва Қозон ислом университети ўртасида Англашув меморандуми имзоланди.

Мазкур келишув Тошкент ва Қозон ислом олийгоҳлари ўртасидаги муносабатларда янги саҳифа очиши билан бирга, Ўзбекистон ва Россия маърифатпарварлари, дин уламолари ўртасидаги асрий анъаналарни янада мустаҳкамлашга замин яратади. Бу ҳамкорлик диний-маърифий соҳадаги алоқаларни сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтаришда ўзига хос пойдевор бўлади.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири