Ислоҳотлар самараси ва иқтисодий ўсиш аҳоли фаровонлигида қандай акс этмоқда?
Ҳар қандай стратегиянинг самараси белгиланган вазифаларнинг амалда қандай натижа бераётгани билан баҳоланади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2026 йилда амалга оширишга оид давлат дастурининг иқтисодий йўналиши бўйича 1 октябрь ҳолатига кўра натижалар сарҳисоб қилинди. Улар мамлакат иқтисодиётининг бир қатор тармоқларида амалий ўзгаришлар юз бераётганини кўрсатади. Тўққиз ой давомида ҳудудларни ривожлантириш, саноат ва энергетика салоҳиятини ошириш, қишлоқ хўжалигини такомиллаштириш ҳамда рақамли хизматларни кенгайтириш бўйича қатор ишлар амалга оширилди. Уларнинг натижалари иқтисодиёт тармоқларига ва аҳоли ҳаётига таъсири нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга.
Ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш мақсадида жаҳон тажрибаси асосида Ҳудудий тенглик индекси ишлаб чиқилди. Бу ҳудудлар ўртасидаги фарқларни аниқ кўрсаткичлар асосида баҳолаш ва қарорлар қабул қилиш имконини кенгайтиради. Шунингдек, ҳудудларнинг фазовий ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш учун Хитой, Жанубий Корея, Испания, Франция ва Буюк Британия компаниялари билан шартномалар тузилди. Халқаро тажрибани жалб этиш ҳудудларнинг ўзига хос имкониятларини ҳисобга олган ҳолда ривожланиш режаларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Саноатда ишлаб чиқариш қувватларини ошириш ва маҳсулот сифатини яхшилашга қаратилган ишлар ҳам давом эттирилди. Олмалиқ кон-металлургия комбинатида йиллик 180 минг тонна сульфат кислотаси ишлаб чиқариш қувватига эга 6-сон цех ишга туширилди. “Ўзбекистон металлургия комбинати” акциядорлик жамиятида нанотаҳлил лабораториясининг ташкил этилиши эса металл сифатини назорат қилиш ва янги материалларни тадқиқ этиш имкониятларини кенгайтирди. Бу каби ташаббуслар саноатда технологик салоҳиятни мустаҳкамлаш ва рақобатбардошликни оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Экспорт географиясини кенгайтириш доирасида Латвия, Литва, Швеция, Финляндия ва Грузияга тадбиркорларнинг ташрифлари ташкил этилди, Ўзбекистон – Латвия ва Ўзбекистон –Грузия бизнес-форумлари ўтказилди, экспорт хабларини ташкил этиш чоралари кўрилди. Бу ишлар тадбиркорларга янги бозорларни ўрганиш, хорижий ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиш ва маҳаллий маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Иқтисодий ўсишни таъминлашда энергетика тизимининг барқарорлиги алоҳида ўрин тутади. Мамлакат ҳудудларида кичик ва микро гидроэлектр станцияларини қуриш бўйича 1 900 та лойиҳа аукционга чиқарилди. Шу билан бирга, жами 29,7 мегаватт қувватга эга тўртта гидроэлектр станцияси – Қашқадарё вилоятидаги “Чаппасуй” ва “Тамшуш”, Наманган вилоятидаги “Бешқўрғон” ҳамда Жанубий Фарғона каналидаги ЖФК-3 кичик гидроэлектр станциялари ишга туширилди. Бу маҳаллий энергия манбаларини ривожлантиришга хизмат қилади. Эндиликда аукционга чиқарилган лойиҳаларнинг амалий босқичга ўтиши ва янги қувватларни ишга тушириш муҳим аҳамият касб этади.
Энергетика соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва ресурслардан самарали фойдаланишга ҳам эътибор қаратилди. Соҳа ходимларини ҳар уч йилда камида бир марта қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича давлат таълим талаблари тасдиқланди. Шунингдек, 2026–2030 йилларга мўлжалланган энергия самарадорлигини ошириш миллий стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Маҳаллий кўмир нархларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётининг 1 июндан бекор қилиниши бозор тамойилларини кенгайтириш йўлидаги қадамлардан бири бўлди. Айни пайтда бундай ўзгаришларнинг истеъмолчиларга, хусусан, иситиш мавсумида аҳоли харажатларига таъсирини кузатиб бориш муҳимдир.
Куз-қиш мавсумида газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш учун компрессор станцияларининг 60 та газ ҳайдаш агрегатлари ва Хўжаобод ер ости газ сақлаш иншоотининг 12 та қудуқларида таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Шу билан бирга, кичик қувватли атом электр станциясини лойиҳалаштириш, етказиб бериш ва қуриш бўйича шартномага қўшимча битим имзоланди ҳамда станция энергоблокларини жойлаштириш учун майдондан фойдаланишга рухсат берилди. Бу чоралар энергетика соҳасидаги жорий эҳтиёжлар билан бир қаторда, узоқ муддатли ривожланиш вазифаларига ҳам эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
Транспорт хизматлари сифатини ошириш мақсадида Урганч–Хива троллейбус йўналишида брутто-шартнома тизими жорий этилди. Транспорт воситалари GPS трекерлар билан жиҳозланиб, қатновларни “Ўзбусмониторинг” тизими орқали назорат қилиш имконияти яратилди. Бу қатнов жадвалига риоя этилишини кузатиш ва йўловчиларга кўрсатиладиган хизматлар ишончлилигини оширишга қаратилган.
Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни ошириш, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ишлар амалга оширилди. Пахтачиликда 2026 йил ҳосили учун ҳосилдорлиги гектарига 70–80 центнер, тола чиқими эса 40–45 фоиздан кам бўлмаган тезпишар ва серҳосил ғўза навлари қарийб 888 минг гектар майдонга экилди. Шунингдек, қарийб 890 минг гектарда интенсив экиш схемалари, 305 минг гектарда эса “Шинжон»”усулида чигит экиш амалиёти жорий этилди.
Ғаллачиликда ҳам ҳосилдорликни ошириш ва юқори натижа берадиган навлар улушини кенгайтиришга эътибор қаратилмоқда. Хусусан, гектаридан 75–80 центнер ҳосил олиш мақсадида 8 та янги тезпишар ва серҳосил кузги буғдой нави танланиб, қарийб 75 минг гектарга экилди. Натижада юқори ҳосилли навлар экилган майдонлар 610 минг гектарга етказилди.
Бу кўрсаткичлар қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни оширишнинг муҳим йўналишларидан бири уруғчилик ва нав танлаш эканини кўрсатади. Иқлим шароитига мос, тезпишар ва серҳосил навлардан фойдаланиш мавжуд ер ва сув ресурсларидан самаралироқ фойдаланиш, маҳсулот таннархини мақбуллаштириш ҳамда фермерлар даромадини оширишга хизмат қилиши мумкин. Энг муҳими, бу ёндашув қўшимча ер майдонларини ўзлаштирмасдан туриб, ҳосилдорликни ошириш имконини беради.
Озиқ-овқат хавфсизлиги доирасида 10 турдаги маҳсулотлар бўйича талаб ва уни қоплаш имкониятлари мониторинг қилинди. Бу ички бозор эҳтиёжларини олдиндан баҳолаш ва маҳсулотлар тақчиллиги хавфини камайтиришга хизмат қилади. Аҳоли томорқаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида минглаб ер эгаларига кўчат ва уруғликлар етказиб берилди, “Менинг томорқам” электрон платформаси тест режимида ишга туширилди. Бу ташаббуслар оилавий даромад манбаларини кенгайтириш ва томорқалардан самарали фойдаланишга кўмаклашиши мумкин.
Рақамли хизматларни ривожлантириш ва тадбиркорлик учун қулай муҳит яратиш борасида ҳам ўзгаришлар кузатилди. Солиқ тўловчиларга Ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсий кабинети орқали ўз фаоллик ҳолатини мустақил равишда ўзгартириш имконияти берилди. IT Park резидентларида яратилган иш ўринлари сони 51,9 мингтага етди. Давлат бошқарувида очиқликни ошириш мақсадида Очиқ маълумотлар портали имкониятлари кенгайтирилди, меҳнат ҳуқуқлари бузилиши бўйича онлайн мурожаатларни қабул қилиш ва уларнинг ҳолатини кузатиш тизими жорий этилди. Шунингдек, электрон иштирок этиш индексини яхшилашга қаратилган ташкилий чоралар кўрилди. Умуман, бу ишлар фуқаролар ва тадбиркорларнинг давлат органлари билан мулоқотини соддалаштириш, мурожаатлар шаффофлигини оширишга хизмат қилади.
Умуман, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг иқтисодий йўналиши бўйича тўққиз ойда амалга оширилган ишлар ҳудудий ривожланиш, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва рақамли бошқарув соҳаларида муайян натижаларга эришилганини кўрсатади. Айрим йўналишларда янги қувватлар ишга туширилган бўлса, бошқаларида лойиҳаларни амалга ошириш учун ташкилий ва ҳуқуқий асослар шакллантирилди.
Кейинги босқичда бу ишлар самарасини ишлаб чиқариш ҳажми, экспорт кўрсаткичлари, янги иш ўринлари, ҳосилдорлик ва аҳоли даромадларидаги ўзгаришлар орқали баҳолаш муҳим. Энергия таъминоти, нарх сиёсати ва озиқ-овқат хавфсизлиги каби масалаларда эса амалга оширилаётган чораларнинг аҳоли кундалик ҳаётига таъсири алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, стратегиянинг натижадорлиги белгиланган вазифаларнинг бажарилиши билан бирга, уларнинг иқтисодиёт барқарорлиги ва аҳоли фаровонлигига қўшаётган ҳиссаси билан ҳам белгиланади.
Жамшид ШАРИПОВ,
“Тараққиёт стратегияси” маркази
бўлим бошлиғи.
ЎзА