Рақобат қўмитаси фармацевтика дистрибьюторларини огоҳлантиради
Фармацевтика соҳасининг жадал ривожланиши натижасида бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам дори воситаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналар кўпайиб бормоқда.
Бундай корхоналар ўзлари ишлаб чиқарган дори воситаларини катта миқдорда харид қилиш, сақлаш ва уларни дорихоналар ёки тиббиёт муассасаларига қайта сотиш учун етказиб бериш, яъни улгуржи дистрибуция қилишни хоҳлашади.
Бироқ, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда айрим импортёрлар ва улгуржи дистрибьюторлар томонидан талаб юқори бўлган дори воситаларини харид қилишда бошқа препаратларни ҳам мажбурий тарзда қўшиб сотиш ҳолатлари юзасидан шикоятлар кўпаймоқда.
Бундай ҳолатлар кичик тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий манфаатларига зарар етказиши, уларнинг фаолиятини чеклаши ва бозордаги рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис, Рақобат қўмитаси томонидан дори воситаларининг улгуржи савдосида рақобатга зид шартлар қўйилиши билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилмоқда.
Республикамизга жорий йилнинг 9 ойи давомида 305 та корхоналар томонидан дори воситалари импорт қилинган бўлиб, шундан 47,2 фоизи 5 та импортёр ҳиссасига тўғри келмоқда.
Таҳлилларга кўра, 2026 йил 1 октябрь ҳолатига 2023 йилга нисбатан чакана дорихоналар бирлашиши ёки ёпилиши натижасида 8 фоизга қисқарган филиаллар сони эса 33,8 фоизга кўпайган. 2023 йилда жами 13 минг 744 та дорихона мавжуд бўлган бўлса, 2026 йил 1 октябрь ҳолатига жами 14 минг 598 та дорихона мавжуд бўлган.
Рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, жумладан, рақобатчилар томонидан ишлаб чиқарилган товарларни харид қилиш ёки реализация қилишни тақиқлаш ёхуд чеклаш ҳолатлари учун молиявий санкциялар қўлланилиши мумкин. Бунда санкция миқдори ҳуқуқбузарлик содир этилган даврда, бироқ охирги 3 йилдан ортиқ бўлмаган муддатда товарларни реализация қилишдан олинган тушум суммасининг 5 фоизини ташкил этади.
Айни пайтда Рақобат қўмитаси томонидан дори воситаларининг улгуржи савдосида рақобатга зид шартлар қўйилиши билан боғлиқ ҳолатлар ўрганилмоқда.
Хусусан, талаб юқори бўлган дори воситаларини харид қилишда бошқа буюртма берилмаган препаратлар ёки товарларни ҳам мажбурий сотиб олиш шарти қўйилгани аниқланса ва ушбу ҳаракатлар рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилиши деб топилса, хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли жавобгарлик чоралари қўлланилиши мумкин.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА