Ис газидан огоҳ бўлайлик
“Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали ва “Навоийшаҳаргаз” газ таъминоти бўлими томонидан Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетида “Ис газидан огоҳ бўлайлик!” мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди.
Университет талабалари иштирок этган тадбирда табиий газ, унинг хоссалари ва хавфли жиҳатлари айтиб ўтилди. Айниқса, куз-қиш мавсумида иссиқликка эҳтиёж ортганда газ ва газ жиҳозларидан жуда эҳтиёт бўлиб фойдаланиш, қўлбола носоз газ печларидан фойдаланмаслик, газ плита билан хонани иситмаслик, газ жиҳози бор хоналарда ёш болаларни қаровсиз қолдирмаслик ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ис гази (углерод оксиди) – рангсиз, таъмсиз, ҳидсиз заҳарли газ ҳисобланади, – дейди "Ҳудудгаз Навоий" газ таъминоти филиали етакчи мутахассиси Ахтам Розиқов. – У ер юзида энергиянинг жадал ишлатилишидан юзага келувчи, табиатда энг кўп тарқалган заҳарловчи газлардан бири. Ис гази ҳар қандай ёқилғи, жумладан, табиий газ, бензин, дизель, мазут, кўмир, ўтин чўғларининг чала ёниши оқибатида ҳосил бўлади. Тутун таркибида 3 фоиз, ишланган газда 13 фоиз, портловчи газлар таркибида эса 50-60 фоизгача ис гази бўлади. Энг ачинарлиси, ис газининг энг кам миқдори ҳам заҳарланиш учун етарли бўлади. Ва энг кўнгилсиз ҳолатларда ўлимга олиб келади.

Тарғибот давомида талабаларга ис гази аянчли оқибатлари акс этган видеороликлар намойиш этилди. Шу билан бирга хавфсизликка оид эслатмалар тарқатилди. Махсус автотранспорт воситасидаги огоҳлик кўргазмалари ҳам тушунтириб ўтилди.
Ис гази билан боғлиқ нохуш ҳодисалар олдини олиш, куз-қиш мавсумини кўнгилли ўтказиш мақсадида “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали ходимлари томонидан жойларда кенг қамровли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Тарғибот тадбирлари маҳалла, аҳоли хонадонлари, ижтимоий объектлар билан бирга таълим масканларида ўтказилмоқда.

Хонада газ ҳидини сезган заҳоти газ авария диспетчерлик хизматига “104” рақами орқали хабар бериш, барча газ кранларини ёпиш, очиқ оловдан фойдаланмаслик, дарҳол эшик ва деразаларни очиб, хонани шамоллатиш, электр жиҳозларини ёқмаслик ва ўчирмаслик лозим.
А.Бўриев, ЎзА мухбири