Иқтидорли ёшларимиз АҚШда халқаро ёзги таълим дастурида иштирок этмоқда
Давлат раҳбарининг 2025 йил 15 майдаги тегишли фармони асосида амалга оширилаётган “Президент иқтидорли фарзандлари” миллий дастури доирасида иқтидорли ёшлар учун халқаро таълим имкониятлари изчил кенгайтирилмоқда.
Дастурнинг навбатдаги босқичида миллий рейтингда энг юқори натижаларни қайд этган 10 нафар ўқувчи ҳамда ўқувчиларни дунёнинг нуфузли университетларига тайёрлаш ва қабул қилинишида юқори самарага эришган мактаб маслаҳатчилари АҚШдаги IVY League таркибига кирувчи University of Pennsylvania (UPenn) томонидан ташкил этилган халқаро ёзги таълим дастурида иштирок этмоқда.
Дастур давомида иштирокчилар UPenn профессорлари ва халқаро экспертлар томонидан ўтказилаётган машғулотларда қатнашиб, замонавий таълим методикаларини ўзлаштирмоқда. Шунингдек, улар халқаро академик муҳитда тажриба алмашиш, илмий ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда дунёнинг етакчи олий таълим муассасаларида таҳсил олиш учун зарур билимларни эгаллаш имконига эга бўлмоқда.
Мазкур ташаббус иқтидорли ёшларни халқаро майдонда қўллаб-қувватлаш, уларнинг рақобатбардошлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлари учун дунёнинг энг нуфузли университетларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтиришга қаратилган ислоҳотларнинг амалий ифодаси ҳисобланади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА