Иқлим ўзгариши аёллар ҳаётига қандай таъсир кўрсатмоқда? (+видео)
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Барқарор ривожланиш маркази ҳамкорлигида «Мақсад» лойиҳаси йўлга қўйилди. Ушбу лойиҳа доирасида атроф-муҳитни асраш ва экологик маданиятни тарғиб қилувчи машҳур «Ўрик гули» блоги асосчиси, «Келажак бунёдкори» медали совриндори Мўътабар Хушвақтова ҳамда Барқарор ривожланиш маркази эксперти Гулҳаё Барноева билан экологик масалалар хусусида суҳбатлашдик.
— Бугун турли кўринишдаги экологик муаммолар инсоният ҳаёти ва саломатлигига ўзининг салбий таъсирини кўрсатяпти. Айниқса, хотин-қизларга нисбатан экомуаммоларнинг таъсири жиддий. Хусусан, аёллар экологик миграцияси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Иқлим ўзгариши аёлларга қандай таъсир қилмоқда?
Гулҳаё Барноева, Барқарор ривожланиш маркази эксперти:
— Аёллар экологик миграцияси ҳақида сўз борар экан, 2021 йилда Жаҳон банкининг айнан бу борадаги тадқиқотига тўхталмоқчиман. Унга кўра, дунёнинг олтита минтақасида 2050 йилга бориб 216 миллион иқлим мигранти вужудга келади. Яъни, айнан Шарқий Европа ва Марказий Осиёда бу аҳолининг 5,4 миллионини ташкил этади.
Тадқиқотчилар томонидан қайд этилишича, Марказий Осиё иқлим миграциясининг ёнаётган маркази ҳисобланади ва минтақада 2,4 миллион иқлим мигранти вужудга келади. Бу аҳолининг 2,3 фоизини ташкил этади. Яъни, БМТда ўтказилган тадқиқотларга кўра, иқлим мигрантларининг асосий қисмини, ундан азият чекувчиларнинг 80 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади.
Марказий Осиё ҳудудида, жумладан Ўзбекистонда ҳам сув танқислиги, тупроқ деградацияси, чўлланиш вужудга келди. Бунда Орол муаммоси муҳим омил. Бугун Орол фожеасини айтиб ўтмасдан туриб иқлим миграциясини таҳлил қила олмаймиз.
Маълумки, ўтган асрда катта миқдордаги сув пахта ва буғдой ерларига сарфланган ва натижада Оролнинг сувли ҳудудида 3 миллион гектарлик Оролқум чўли вужудга келди. Оролқум оқибатида атмосферага жуда катта миқдорда чанг-тўзонлар кўтарилиши кузатиляпти. Охирги тадқиқотларнинг кўрсатишича, чанг ва тузлар нафақат Марказий Осиё ҳудудида, ҳаттоки Шарқий Европа давлатлари, Беларусгача ҳам етиб борган.
Иқлим миграцияси жараёнида экологик оғир ҳудуддагилар шаҳарга кўчиб ўтиш имкониятига эга бўлади. Лекин аёллар ҳар доим фронтда қолади. Биринчидан, улар миграция жараёнида миграциянинг оғир оқибатларини бошидан кечиради. Оилавий таъминот ҳам, болалар тарбияси ҳам ўзларининг зиммасида қолади. Бундан ташқари, оилада қолган катталарга ҳам ёрдам кўрсатиш муаммоси аёлга қолиб кетади. Агар аёл ҳам турмуш ўртоғи ёки оиласидагилар билан миграция қилсин десак, уни олиб кетиш имконияти бўлмаслиги мумкин. Агар ўзи миграцияни амалга оширмоқчи бўлса, биринчидан, гендер тенгсизликка, иккинчидан, одам савдоси қурбонига айланиши, эксплуатацияга учраши мумкин. Шунинг учун ҳам аёл ҳар доим миграция қилишда ўзи қўрқади.

«Ўрик гули» блоги асосчиси Мўътабар Хушвақтова:
— Дарҳақиқат, ўтган асрда деҳқончилик қилинган пайтда пестицидлардан жуда ҳам кўп фойдаланилган. Улар оқиб, йўқолиб кетадими? Йўқ, улар ҳам худди шу сувлар билан Орол денгизига борган, чўкинди ҳолида тушган. Ҳозирда Орол йўқ, сув йўқ, ушбу чўкиндилар ҳам жуда зарарли заррачаларга айланиб, қумлар билан бирга бошқа жойга бориб тушади. Оқибатда тупроқнинг эрозиясига сабаб бўлади. Яъни, тупроқ янада ёмонлашади, унумдорлиги пасаяди. Ва бу, ўз навбатида, инсоннинг саломатлиги билан боғлиқ.
Шу боис, экологик тарғиботни кучайтириш лозим. Бунда шунчаки пластикдан воз кечинг ёки сувни тежанг деб бўлмайди. Нимага сувни тежаш керак? Сувни увол қилса ёки машинасини ювса, нима бўлади? Оқибатини тушунтириш керак. Масалан, машинани икки челак сув билан эмас, 300 литр сувда ювса, бу 300 литр сув буғ эмас, майда заррача ёки булут эмас, яна сув ҳолида 300 литр бўлиб келиши учун юз йил керак. Демак, сувни увол қилсанг, эртага фарзандларингга зарар, деган нарсани батафсил тушунтириш лозим.
БМТ тадқиқотларига кўра, экологик муаммолар кўпинча аёллар ва болаларга зарар беради. Оддийгина сув тошқинини оладиган бўлсак, нобуд бўлганларнинг аксарияти болалар ва аёллар бўлади. Нимага? Чунки аёллар сузишга ўргатилмайди. У аёл аввало, боласига, мол-ҳолига югуради ва қарабсизки, ўзини ўзи сақлаб қололмайди.
Умуман, иқлим муаммоларининг таъсирини кўрадиган бўлсак, бу кичкина масштабда – оилада аёл ва болаларга таъсири кучлироқ бўлади. Агар масштабни катталаштириб, умуман, сайёра миқёсида қарайдиган бўлсак, камбағал давлатларга зарари каттароқ бўлади. Масалан, Америка ёки бошқа ривожланган Европа давлатларида қандайдир офат бўлса, улар тез ўзини тиклаб олади. Чунки пул бор, экспертлар, маълумотлар бор, тадқиқотлар қилинган. Муаммони тез ҳал қилиб олиши мумкин. Лекин соҳада экспертлари ҳали йўқ, ҳали бир структурага эга бўлмаган давлатда бирор-бир фожиа юз берса, салоҳият, маблағ етарли бўлмагани учун тезда тикланиш қийин кечади. Шунинг учун ҳам глобал муаммолар катта масштабда камбағал давлатларга, кичкина масштабда эса аёллар ва болаларга кўпроқ таъсир қилади.

Умуман, экологик муаммолар фақат экспертлар ёки олимлар даврасида гапирилаверса, бу оддий одамларга узоқдаги мавзудек кўринаверади. Лекин ушбу соҳадаги маълумотлар оддий суҳбатларга кўчса, одамларга тезроқ етиб боради. Шунинг учун бу ўринда экологик журналистика муҳим. Экология ҳақида ўзимизнинг ўзбек тилида тушунарли, равон, 7 ёшли бола ҳам, 10 ёшли бола ҳам, уй бекаси ҳам, профессор ҳам тушунадиган ҳар хил маълумот йўқми, демак, одат ҳам шаклланмайди. Жамиятни онгли қилиш учун журналистика ўз ишини қилиши керак. Тўғри, ҳозирги кунда экологик журналистика ривожланяпти. Айнан шу муаммоларни саммитлар ёки халқаро тадбирлардан пастга кўчириш, одатий чойхонадаги баҳс-суҳбатларга кўчириш учун экожурналистикамиз янада жадал ривожланиши лозим.
— Сизнингча, бугун экожурналистиканинг ривожланиши қай даражада ва нималар қилиниши керак?
Мўътабар Хушвақтова:
– Ҳозирда экологик мақолалар ёзаётган журналистлар, устозлар бор. Уларнинг шакли эски, газета-журналлар форматига мос. Улар зўр материаллар ёзишади, лекин, афсуски, оммага етиб бормайди. Газета-журналлардаги катта материаллар кўп ўқилмаяпти, таҳлилий материалларни ўқиш қийин бўлиб қоляпти.
Энди даврга, ҳозирги тезкор замонга мослашиш керак. Матнли маълумотни HDга ўзгартириш лозим ва мана шу ерда кадрлар етишмовчилиги кўриниб қоляпти. Ўқитувчилар бор, лекин уларнинг ишини давом эттирадиган ёш журналистлар, таҳлил қила оладиган журналистлар жуда кам. Экспертни жалб қилган ҳолда таҳлил, статистик маълумотларни замонавий методлар асосида бера олиш лозим. Шундагина ислоҳотлар яхши натижа беради.
— Гулҳаё опа, экологик миграция жараёнида хотин-қизларнинг ўрни қай даражада аҳамиятли?
Гулҳаё Барноева:
— Иқлим миграцияси жараёнида аёлларнинг роли жуда катта. Статистик маълумотга кўра, Ўзбекистонда бугунги кунда умумий миграциянинг 51 фоизини аёллар ташкил этяпти. Иқлим миграциясида асосий йўналтирувчи куч бу — аёллар. Аёллар орқада қолиб, оила таъминотини бажариш, сув танқислиги муаммосини ҳал қилиш бўйича ҳам масъул бўлади.
Африка давлатларида сув таъминотини аёллар ўз қўлига олган. Сув тақсимотида ҳам аёллар ўзи тақсимот қилади, ўзи бошқаради. Лекин Марказий Осиё давлатларида бу тушунча ҳам, бу амалиёт ҳам йўқ. Қозоғистон ва Қирғизистонда аёллар иқлим миграциясининг асосий кучи ҳисоблангани учун тадқиқотлар қилинган. Масалан, Қирғизистон аёллари тадқиқот натижасига кўра, оиланинг бир кунлик эҳтиёжи учун, сув топиш учун 1,5 соат вақт сарфлайди. Бу ўртача кўрсаткич, ундан ҳам кўп бўлиши мумкин.

Бу борада ҳудудларимизда ўрганишлар олиб борганимизда, Қашқадарё ёки Сурхондарё вилоятида ҳам чучук сув учун одамлар навбатда туради. Бу кўплаб вақт сарфлашга олиб келади. Сувнинг сифати иккинчи масала. Ўша тўпланган сувни ҳам 2 ой давомида ичишади. Шунинг учун асосий жабрдийдалар бу — аёллар ва болалар. Нафақат иқтисодий, балки аёллар соғлиғини сақлаш тизимида ҳам жуда катта муаммо вужудга келади. Масалан, Орол муаммоси натижасида Қорақалпоғистон аёлларининг 77 фоизи камқонликдан азият чекади. Хоразм вилоятида ҳам худди шу ҳолат кузатилган. Болаларда ҳам жисмонан, ҳам ақлан орқада қолиш жараёнлари кузатилади. Уларнинг 80 фоизида ичак касалликлари мавжуд. Бундан ташқари, бу ҳудудларда нафас йўллари касалликлари, астма, сил, аллергия, онкологик ва эндокрин касалликлар вужудга келмоқда. Шу боис, бу каби масалаларда тегишли вазирлик ва идоралар, ташкилотлар ҳамкорликда ишлашимиз лозим бўлади.
<iframe width="865" height="487" src="https://www.youtube.com/embed/3JeMzdC_GxY" title="Iqlim o‘zgarishi ayollar hayotiga qanday ta’sir ko‘rsatmoqda?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова,
Нишон Абдувоитов, Анвар Аҳмедов (видео), ЎзА