Ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди
Бугунги глобаллашув даврида олий таълим муассасаларининг халқаро ҳамкорлик кўлами уларнинг нуфузи, илмий салоҳияти ва рақобатбардошлигини белгилайдиган энг муҳим омиллардан бирига айланди. Илғор хорижий университетлар билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, академик мобилликни ривожлантириш ва инновацион илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш мамлакат тараққиёти учун юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг мустаҳкам пойдеворини яратади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида таълим тизимини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш, олий таълим муассасаларини халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллаши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Ана шу ислоҳотлар самараси ўлароқ Бухоро давлат университети ҳам халқаро ҳамкорлик географиясини изчил кенгайтириб, дунёнинг етакчи университетлари билан узоқ муддатли шериклик алоқаларини йўлга қўймоқда.
Айни кунларда Беларусь Республикасига бориш учун амалга оширилаётган хизмат сафари доирасида Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов бошчилигидаги делегация мамлакатнинг энг нуфузли ва қадимий олий таълим муассасаларидан бири — Беларусь давлат университетида бўлди. Ташрифда Бухоро давлат педагогика институти ректори Баҳодир Мамуров ҳамда икки олий таълим муассасасининг масъул вакиллари иштирок этишди.
Меҳмонларни Беларусь давлат университети ректори Андрей Король бошчилигидаги раҳбарият самимий кутиб олди. Учрашувда университетнинг ўқув ишлари ва таълимни интернационаллаштириш бўйича проректори Виктор Кочин, География ва геоинформатика факультети декани Елена Кольмакова, Радиофизика ва компьютер технологиялари факультети декани Дмитрий Ушаков ҳам иштирок этиб, икки томонлама ҳамкорликнинг янги истиқболларини муҳокама қилди.

Музокаралар самимий ва конструктив руҳда ўтди. Томонлар таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, академик алмашинув дастурларини кенгайтириш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар мобиллигини ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш ҳамда халқаро илмий тадқиқотларни амалга ошириш масалалари бўйича атрофлича фикр алмашди.
Беларусь давлат университети раҳбарияти меҳмонларга университетнинг қарийб бир асрлик бой академик анъаналари, илмий мактаблари, халқаро рейтинглардаги юқори ўрни, хорижий талабалар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамда рақамли таълим муҳитини ривожлантириш борасидаги замонавий ёндашувлар ҳақида батафсил маълумот берди. Шунингдек, университетда илмий ишланмаларни тижоратлаштириш, стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш ва инновацион экотизимни шакллантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдим этилди.
Ўз навбатида, Бухоро давлат университети делегацияси университетда кейинги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, таълим сифати ва илмий салоҳиятни оширишга қаратилган чора-тадбирлар, халқаро рейтингларда қўлга киритилган ютуқлар, рақамлаштириш жараёнлари, илмий лабораториялар фаолияти ҳамда хорижий университетлар билан амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар ҳақида тақдимот ўтказди.

Учрашувнинг энг муҳим натижаларидан бири сифатида ҳамкорликнинг аниқ устувор йўналишлари белгилаб олинди. Жумладан, магистратура босқичида қўшма таълим дастурларини ташкил этиш, икки томонлама диплом бериш имкониятларини ўрганиш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг академик мобиллигини кенгайтириш, математика, физика, кимё, биология, сунъий интеллект, педагогика, психология, тарих, ҳуқуқшунослик ва бошқа йўналишларда қўшма фундаментал ҳамда амалий тадқиқотларни амалга ошириш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди.
Шунингдек, илмий конференциялар, халқаро форумлар, ёзги ва қишки мактаблар, стажировкалар, қўшма грант лойиҳалари ва юқори рейтингли халқаро журналларда илмий мақолаларни биргаликда чоп этиш бўйича ҳам ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан келишувларга эришилди.
Томонлар мазкур ҳамкорлик икки университетнинг илмий салоҳиятини янада юксалтириш, замонавий таълим технологияларини жорий этиш, инновацион ғояларни амалиётга татбиқ қилиш ҳамда жаҳон академик ҳамжамиятида ўзаро манфаатли шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Учрашув якунида билдирилган барча таклифларни қисқа муддатларда экспертлар даражасида чуқур муҳокама қилиш, уларни аниқ "йўл хариталари" асосида амалий лойиҳаларга айлантириш ва ижросини тизимли ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Беларусь давлат университетига амалга оширилган мазкур ташриф Бухоро давлат университети учун оддий хизмат сафари эмас, балки халқаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқадиган стратегик аҳамиятга эга ташриф сифатида тарихга кириши шубҳасиз. Бу ҳамкорлик орқали талабалар жаҳон даражасидаги билим ва тажрибаларга эга бўлиш, профессор-ўқитувчилар эса нуфузли илмий марказлар билан ҳамкорлик қилиш имкониятига эга бўлади.
Энг муҳими, бу ташриф Бухоро давлат университетининг халқаро нуфузини янада юксалтириш, уни Марказий Осиёдаги рақобатбардош олий таълим муассасаларидан бирига айлантириш, илм-фан ва инновациялар соҳасида янги саҳифа очиш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Келгусида ушбу келишувлар асосида амалга ошириладиган қўшма лойиҳалар нафақат икки университет, балки Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаб, янги авлоднинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири