Интеллектуал мулк ҳуқуқлари ҳимояси кучайтирилади
Парламент қуйи палатаси мажлисида интеллектуал мулкни ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, ушбу ҳужжат интеллектуал мулк соҳасида ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя механизмларини янада такомиллаштириш, тадбиркорлик субъектлари ва инвесторлар учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш, маъмурий тартиб-таомилларни соддалаштиришга қаратилган.
Қонун лойиҳаси билан хизмат вазифаларини ёки хизмат топшириғини бажариш тартибида яратилган асарлар, жумладан адабий, сценарий, мусиқали, хореография, аудиовизуал, архитектура, дизайн каби асарларга бўлган мулкий ҳуқуқларни тартибга солишда томонларнинг шартномавий эркинлиги таъминланмоқда.
Хусусан, хизмат асарларига оид мулкий ҳуқуқларнинг ўн йилдан кейин автоматик равишда муаллифга ўтиши ҳақидаги норма бекор қилиниб, мазкур муносабатларни шартнома асосида белгилаш назарда тутилмоқда.
Интеллектуал мулк объектлари бўйича давлат экспертизаси қарорларидан норози бўлган шахсларга Апелляция кенгашига мурожаат қилиш билан бир қаторда, бевосита судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилмоқда. Бу фуқаролар ва тадбиркорларнинг суд орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятини кенгайтириб, бузилган ҳуқуқларни тиклашга хизмат қилади.
Шунингдек, ихтиро, фойдали модель, саноат намунаси ва селекция ютуқларига оид патентларнинг амал қилишини сақлаш учун давлат божини олдиндан тўлаш имконияти ҳам яратилмоқда. Бу ҳуқуқ эгалари учун қўшимча қулайликлар яратиш, патентларнинг техник сабабларга кўра амалдан чиқиб кетишининг олдини олиш ҳамда интеллектуал мулк объектларидан самарали фойдаланишни таъминлашга имкон беради.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштириш, маҳаллий ҳамда хорижий инвесторлар учун ишончли ҳуқуқий муҳит яратиш, инновацион фаолиятни рағбатлантириш ҳамда мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.
М.Комилова, ЎзА