“Имом ота” зиёратгоҳи
Юртимизнинг муқаддас қадамжолари
Юртимизнинг энг чекка ҳудудларидан бири, Қирғизистон Республикаси билан чегарадош Хўжаобод тумани, Имом ота қишлоғидаги Тош ота маҳалласининг тоғли ҳудудида жойлашган “Имом ота” зиёратгоҳининг умумий ҳудуди бир неча гектарни ташкил этади.
Тоғ қояларидан бири зиёратхона ичига кирганлиги боис, ривоятлардан бирида бу жойга имоми ҳанафия Муҳаммад кириб кетиб, қайтиб чиқмаган – ғойиб бўлган жой, деб таъриф берилади.
Зиёратгоҳ қадимдан ислом оламида муносиб ўрин тутган имоми Муҳаммад Ҳанафия номи билан аталиб келинган. Ўзининг мустаҳкам таълимотига эга имом Ҳанафия авлодлари ва унинг шогирдлари ўлкамизда узоқ йиллар давомида қозилик ҳамда бошқа диний бошқарув вазифаларини бажарган. Шу жумладан, Имом Ҳанафия шажарасига мансуб тақводор зотлар, азиз авлиёлар табиати сўлим, баҳаво ушбу зиёратгоҳда сулола анъаналари асосида шайхлик қилиб, одамларни иймон эътиқодга, ҳалоллик ва покликка чорлаган.
Маҳалладан оқиб ўтувчи ариқ ёқасида жойлашган дам олиш масканлари, чойхона, тижорат дўконлар, шунингдек, қишлоқ юқорисидаги тоғлик ҳудуддаги булоқлардан оқиб тушувчи кичик жилғалар зиёратгоҳнинг таркибий қисмига киради. Бу ер табиати гўзал, ҳавоси мусаффолиги учун ҳам ҳамиша одамлар билан гавжум. Табаррук масканга зиёратчилар ният ва мақсадлари ижобати, ҳожатларига равонлик, мушкулларига осонлик, дардларига шифо тилаб ҳамда ҳордиқ чиқариш мақсадида ташриф буюради.
Зиёрат жойи қадимий Тош ота қабристонининг рўбарўсида жойлашган. Унинг ёнида зиёратгоҳ деворга туташ айлана тархли ошхона, айвон ва зиёратгоҳ хизматчилари учун махсус хоналар барпо этилган. Кичикроқ 4 та хонадан иборат зиёратгоҳда ташриф буюрувчиларнинг ибодат қилишлари ва намоз ўқишлари учун барча қулайликлар яратилган.
Зиёратгоҳнинг жанубий томонида II жаҳон уруши қатнашчилари хотирасига қўйилган ёдгорлик бор. Айрим манбаларда келтирилишича, XIX аср охирларида андижонлик Маҳмудалибой томонидан зиёратгоҳ таъмирланган.
[gallery-20355]
Бу ерда Ҳанафия мақбараси бўлганлиги ҳақида аниқ маълумотлар топилмаганлиги учун 2011 йилда маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқарилиб, диққатга сазовор жой – “Имом ота” зиёратгоҳи деб қайта рўйхатга олинган.
Зиёратгоҳ кейинги йилларда таъмирланиб, миллий меъморчилик анъаналари асосида қайта тикланди. Қолаверса, Имом ота қишлоғи туризм қишлоғига айлантирилди.
Зиёратчи ва дам олувчиларга хизмат кўрсатувчи шахсларнинг таъкидлашича, “Имом ота” зиёратгоҳига бир йилда тахминан 25-30 минг нафар зиёратчи ташриф буюради. Ҳудудда зиёратчи ва меҳмонларга янада қулайлик яратиш мақсадида кўплаб замонавий меҳмон уйлари барпо этилган.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари