Имкониятдан тараққиёт сари: Янги Ўзбекистон аёли феномени
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида жамиятнинг маънавий, интеллектуал ва ижтимоий таянчи бўлган хотин-қизларнинг ўрни янги босқичга кўтарилмоқда. Замонавий билимга эга, ўз ҳуқуқини биладиган, ташаббус кўрсатадиган ва мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган минглаб хотин-қизларнинг фаолияти “Янги Ўзбекистон аёли” деган янги ижтимоий феноменни шакллантирмоқда.

Тарихнинг ҳар бир даври жамият тараққиётини белгилаб берган ўзига хос тимсолларни яратади. Бир замонлар бунёдкорлик тимсоли улкан иншоотлар бўлган бўлса, бугунги замонавий дунёда тараққиёт мезони инсоннинг қадри, унинг билим ва салоҳияти билан ўлчанмоқда. Инсон қадри улуғланган жамиятда эса аёлнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Чунки аёл фақат оиланинг эмас, балки миллатнинг маънавий, интеллектуал ва ижтимоий таянчидир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида “Янги Ўзбекистон аёли” деган янги ижтимоий феномен шаклланмоқда. Бу ибора шунчаки чиройли таъриф эмас. У замонавий билимга эга, ўз ҳуқуқини биладиган, ташаббус кўрсатадиган, жамият ҳаётидаги жараёнларга бефарқ бўлмаган ва мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган минглаб хотин-қизларнинг умумлашган тимсолидир. Бугунги ўзбек аёли энди фақат оила доирасидаги масъулият билан чегараланмайди. У илм-фан билан янги изланишлар олиб бормоқда, ишлаб чиқариш корхоналарини бошқармоқда, инновацион лойиҳаларни амалга оширмоқда, журналистик суриштирувлар қилмоқда, халқаро майдонларда ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қилмоқда. Энг муҳими, у ўз муваффақиятини жамият манфаатлари билан уйғунлаштиришни уддалай олмоқда.
Бу ўзгаришларнинг замирида эса пухта ўйланган давлат сиёсати турибди. Янги Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг таълим олиши, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтириш устувор вазифага айланди. Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган қонунлар, фармон ва қарорлар аёлларни қўллаб-қувватлашнинг яхлит тизимини шакллантирди. Бу тизимнинг энг муҳим жиҳати шундаки, у аёлни ёрдам кутаётган инсон сифатида эмас, балки тараққиётнинг фаол бунёдкори сифатида кўради.
Бугун мамлакатимизнинг исталган ҳудудига борсангиз, бу ўзгаришларни оддий инсонлар ҳаётида кўрасиз. Кеча олий таълимга киришни орзу қилган қиз бугун ёш олима. Бир пайтлар кичик тикув цехини очган тадбиркор аёл бугун ўнлаб инсонларни иш билан таъминлаётган корхона раҳбари. Қишлоқ мактабида фаолият бошлаган ёш педагог бугун замонавий методикаларни жорий этаётган устозга айланган. Бу мисоллар алоҳида воқеалар эмас, балки мамлакатда кечаётган чуқур ижтимоий ўзгаришларнинг амалий ифодасидир.
Аммо ҳар қандай ислоҳотнинг муваффақияти фақат ҳуқуқий асос билан эмас, жамият тафаккурининг янгиланиши билан ҳам белгиланади. Шунинг учун бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан biri – аёлнинг жамиятдаги ўрни ҳақидаги эскича қарашларни замон талаблари асосида қайта кўриб чиқишдир. Зеро, билим, истеъдод, ташаббус ва фидойиликнинг жинси бўлмайди. Ана шу ҳақиқат тобора чуқурроқ англанаётганининг ўзи Янги Ўзбекистоннинг энг муҳим ютуқларидан биридир. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш алоҳида йўналиш эмас, балки барча ислоҳотларни бирлаштириб турувчи устувор тамойиллардан биридир. Сўнгги йилlarda қабул қилинган қонунлар, Президент фармон ва қарорлари, давлат дастурлари аёлларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, гендер тенгликни таъминлаш, бандликни ошириш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимида имкониятларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Бугун мамлакатимиздаги хотин-қизларнинг олий таълим билан қамраб олиниши йилдан-йилга ортиб бормоқда. Илм олишни истаган ёш хотин-қизлар учун грантлар, имтиёзли таълим кредитлари, малака ошириш дастурлари ва хорижда таҳсил олиш имкониятлари кенгаймоқда. Бу эса жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Чунки билимли аёл нафақат ўз ҳаётини, балки оиласи ва келажак авлоднинг тақдирини ҳам ўзгартира олади.
Иқтисодиётда ҳам янги тенденция шаклланмоқда. Авваллари асосан айрим соҳаларда фаолият юритган аёллар бугун саноат, ахборот технологиялари, экспорт, хизмат кўрсатиш ва инновацион бизнес йўналишларида ҳам муваффақият қозонмоқда. Улар янги иш ўринлари яратмоқда, маҳаллий иқтисодиёт ривожига ҳисса қўшмоқда, халқаро бозорларда миллий маҳсулотларимизни танитмоқда. Бу эса аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган сиёсатнинг амалий самарасини яққол кўрсатмоқда.
Давлат бошқаруви тизимида ҳам сифат жиҳатидан янги босқич бошланди. Бугун масъул лавозимларда ишлаётган, муҳим қарорлар қабул қилаётган, ҳудудлар ривожига ҳисса қўшаётган аёллар сони ортиб бормоқда. Бу жараён жамиятда “раҳбарлик фақат эркакларга хос” деган эскича қарашларнинг аста-секин барҳам топаётганидан далолат беради. Замонавий бошқарув тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, масъулият, ҳалоллик, ташаббускорлик ва профессионал ёндашув жинсга эмас, шахснинг билим ва салоҳиятига боғлиқ.
Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари зиммасига ҳам катта масъулият юкланади. Чунки медиа жамият тафаккурини шакллантирадиган энг таъсирчан институтлардан биридир. Бугунги журналистика аёллар мавзусини фақат тантанали тадбирлар ёки байрам табриклари доирасида эмас, балки ижтимоий тараққиётнинг муҳим омили сифатида ёритиши зарур. Муваффақиятга эришган олималар, шифокорлар, ўқитувчилар, тадбиркорлар, журналистлар ва муҳандисларнинг ҳаёт йўли кенг ёритилгани сайин, ёш авлод учун янги орзулар ва янги мақсадлар пайдо бўлади.
Бироқ эришилган натижалар билан кифояланиш мумкин эмас. Гендер тенгликни таъминлаш — бу бир марталик вазифа эмас, балки узлуксиз давом этадиган жараён. Жамият тараққий этган сари янги эҳтиёжлар, янги касблар ва янги чақириқлар пайдо бўлади. Демак, аёлларнинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаши, рақамли технологияларни ўзлаштириши, илмий ва инновацион фаолиятдаги иштирокини янада кенгайтириш келгусидаги устувор вазифалардан бири бўлиб қолади.
Ҳар қандай ислоҳотнинг энг катта баҳоси — унинг инсон ҳаётида қандай из қолдиргани билан ўлчанади. Бугун мамлакатимизнинг турли ҳудудларида яшаётган минглаб хотин-қизларнинг ҳаётига назар ташласак, уларнинг тақдири ўзгараётгани, орзулари мақсадга айланаётгани ва бу мақсадларни рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратилаётганини кўрамиз. Ана шу ўзгаришлар Янги Ўзбекистоннинг энг катта ютуғидир.
Бугун аёл фақат оиланинг таянчи эмас, балки мамлакат тараққиётининг фаол иштирокчисидир. У парламент минбарида ҳам, илмий лабораторияда ҳам, замонавий корхоналарда ҳам, ахборот майдонида ҳам ўзининг билим ва салоҳиятини намоён этмоқда. Айниқса, журналистика соҳасида фаолият юритаётган хотин-қизларнинг сафи тобора кенгайиб, улар жамиятни ўйлантираётган муаммоларни дадил кўтараётганлари, жамоатчилик фикрини шакллантиришда фаол иштирок этаётганлари қувонарлидир. Бу эса сўз эркинлиги ва фуқаролик жамияти ривожининг муҳим белгиларидан биридир.
Шу билан бирга, бугунги кун янги вазифаларни ҳам олдимизга қўймоқда. Энди асосий эътибор эришилган натижаларни сақлаб қолиш эмас, балки уларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилиши лозим. Хусусан, қизларнинг муҳандислик, сунъий интеллект, биотехнология, экология ва бошқа юқори технологияли йўналишлардаги иштирокини кенгайтириш, илм-фан билан шуғулланаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг халқаро илмий ва профессионал майдондаги фаоллигини ошириш долзарб вазифага айланмоқда.
Бундан ташқари, гендер тенглик фақат давлат сиёсати билангина эмас, жамиятнинг ўз муносабати билан ҳам қарор топади. Оила, маҳалла, таълим муассасалари, нодавлат ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари бу жараённинг фаол иштирокчисига айланиши зарур. Чунки қонун имконият яратади, аммо имкониятдан унумли фойдаланишга ундайдиган куч — бу жамиятнинг маънавий қарашлари ва фуқаролик масъулиятидир.
Бугунги Ўзбекистон аёли янги даврнинг янги қиёфасини намоён этмоқда. У замон билан ҳамнафас, билимли, ташаббускор, ватанпарвар ва масъулиятли. Энг муҳими, у ўзининг ютуғини фақат шахсий муваффақият деб эмас, балки оиласи, жамияти ва Ватани равнақи учун қўшилган ҳисса деб билади. Ана шундай фазилатлар Янги Ўзбекистоннинг маънавий пойдеворини янада мустаҳкамламоқда.
Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида аёлнинг ўрни ва нуфузи тобора ортиб бораётган бир пайтда барчамиз бир ҳақиқатни чуқур англашимиз керак: аёлга яратилган ҳар бир имконият — бу келажак авлод учун яратилган имкониятдир. Аёлнинг таълимига киритилган инвестиция — миллат интеллектига киритилган инвестициядир. Унинг меҳнатини қадрлаш — жамият тараққиётини қадрлашдир. Унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эса адолатли давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишнинг энг муҳим шартларидан биридир.
Янги Ўзбекистон тараққиётининг мазмуни ҳам айнан шунда намоён бўлмоқда: инсон қадри устувор бўлган жамиятда аёлнинг қадри ҳам юксалади. Аёлнинг қадри юксалган юртда эса фаровон оила, баркамол авлод ва кучли давлат барпо этилади. Бу йўл ортга қайтмайдиган тараққиёт йўлидир. Зеро, бугунги Янги Ўзбекистон аёли — ислоҳотларнинг кузатувчиси эмас, балки уларнинг бунёдкори, эртанги куннинг ишончли меъмори ва мамлакат равнақининг энг муҳим таянчларидан биридир.
Навбаҳор Дархонова,
журналист