Ўзбекистон аэропортлари янги ўсиш босқичига чиқмоқда
2026 йилнинг биринчи ярми якунлари Ўзбекистон фуқаро авиацияси соҳасида барқарор ўсиш суръатлари сақланаётганини яна бир бор тасдиқлади.
Йилнинг дастлабки олти ойида мамлакат аэропортлари орқали 8,15 миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатилгани, рейслар сони ва юк ташиш ҳажмининг ҳам сезиларли ошгани мамлакатда транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва туризмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.
Статистик маълумотларга кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида мамлакат аэропортлари томонидан 64 минг 831 та рейсга хизмат кўрсатилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8 фоизга кўп. Йўловчилар сони эса 8 миллион 153 минг нафарга етиб, 16 фоизлик ўсиш қайд этилди. Айниқса, юк ва почта ташиш ҳажмининг 33 фоизга ошиб, 51,5 минг тоннага етгани мамлакатнинг халқаро логистика занжирларидаги ўрни мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатади.
Йўловчиларнинг қарийб 82 фоизи халқаро рейслар ҳиссасига тўғри келгани Ўзбекистоннинг ташқи дунё билан транспорт алоқалари кенгайиб бораётганини англатади.
Хусусан, Тошкент халқаро аэропортига China Eastern, Asiana Airlines ва Shirak Avia каби авиакомпанияларнинг парвозларни йўлга қўйиши мамлакат авиация бозорида рақобат муҳитини янада кучайтирди.
Энг катта юклама анъанавий равишда Тошкент халқаро аэропорти ҳиссасига тўғри келди. Мамлакатда амалга оширилган ҳар уч рейснинг икки қисми айнан пойтахт аэропорти орқали бажарилди. Йўловчиларнинг ҳам қарийб 66 фоизи Тошкент аэропорти хизматларидан фойдаланган.
Ҳисоботнинг энг эътиборли жиҳатларидан бири — ҳудудий аэропортларда кузатилаётган ўсиш. Айниқса, Андижон аэропортида йўловчилар оқими 234 фоизга ошгани мамлакатда амалга оширилаётган инфратузилмавий янгиланишлар ўз самарасини бераётганини кўрсатади.
Албатта, бу юқори ўсиш реконструкциядан кейин аэропортнинг қайта ишга туширилиши билан боғлиқ бўлса-да, модернизация натижасида кенг фюзеляжли самолётларни қабул қилиш имконияти яратилгани келгусида ҳам барқарор ўсиш учун мустаҳкам асос бўлади.
Термиз, Урганч ва Нукус аэропортларида ҳам юқори ўсиш қайд этилди. Бу эса мамлакатда ички туризм ва халқаро саёҳатларга бўлган талабнинг ошиб бораётганидан далолат беради. Шунингдек, янги халқаро рейсларнинг очилиши ҳудудларнинг иқтисодий ва туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Фарғона, Наманган, Қарши ва Навоий аэропортларида айрим кўрсаткичлар пасайган бўлса-да, бу умумий инқироз эмас. Мутахассислар бундай ҳолатни йўналишлар тармоғининг қайта шаклланиши, айрим рейсларга талаб ўзгариши ва халқаро геосиёсий вазият таъсирида авиакомпанияларнинг маршрутларини қайта кўриб чиқиши билан изоҳламоқда.
Аэропортлар фаолиятидаги ўсиш нафақат транспорт соҳасидаги муваффақият, балки иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари учун ҳам муҳим кўрсаткич ҳисобланади. Йўловчилар сонининг ортиши мамлакатга келаётган туристлар, инвесторлар ва бизнес вакиллари оқимининг ҳам кўпайиб бораётганини англатади.
Юк ташиш ҳажмининг 33 фоизга ошиши ташқи савдо, экспорт-импорт операциялари ҳамда электрон тижорат ривожланаётганидан далолат беради. Бу эса мамлакатнинг халқаро транспорт-логистика марказига айланиш бўйича белгиланган мақсадларига мос келади.
2026 йилнинг биринчи ярми натижалари Ўзбекистон авиация соҳасида сифат жиҳатидан янги босқич бошланганини кўрсатмоқда. Янги авиайўналишлар, реконструкция қилинган аэропортлар, халқаро ҳамкорликнинг кенгайиши ва йўловчилар оқимининг барқарор ўсиши мамлакатнинг транспорт тизими изчил ривожланаётганини тасдиқлайди.
Келгусида ҳудудий аэропортларни модернизация қилишни давом эттириш, янги халқаро авиакомпанияларни жалб этиш, транзит салоҳиятини кучайтириш ва рақамли хизматларни кенг жорий этиш орқали Ўзбекистон Марказий Осиёнинг етакчи авиация ва логистика марказларидан бирига айланиши учун барча имкониятлар мавжуд.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА