Илм, технология ва ташаббус — саноат тараққиётининг муҳим омили
Мамлакат иқтисодий тараққиёти, аввало, ишлаб чиқариш салоҳиятини юксалтириш, янги корхоналар ташкил этиш, замонавий технологияларни жорий қилиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан чамбарчас боғлиқ. Айниқса, машинасозлик саноатида маҳаллий ишлаб чиқаришни кенгайтириш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар яратиш ва малакали мутахассислар тайёрлаш бугунги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда.
Бу борада саноат салоҳияти юқори бўлган Навоий вилоятида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тадбиркорлик субъектлари учун яратилаётган қулай шароитлар, замонавий технологияларни олиб кириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва маҳаллийлаштиришга берилаётган эътибор ўз самарасини бермоқда.
Буни Навоий шаҳрида фаолият олиб бораётган “Гидро станко сервис” МЧЖ мисолида ҳам кўриш мумкин. Корхона фаолиятини дастлаб атиги беш нафар ишчи билан бошлаган бўлса, бугунги кунга келиб жамоадаги ходимлар сони 800 нафардан ошган. Бу, аввало, тадбиркорлик учун яратилаётган имкониятлар, ишлаб чиқаришни илм-фан билан уйғунлаштириш ва замонавий технологияларни ўзлаштиришнинг амалий натижасидир.
– Корхонада ишлаб чиқариш жараёнларини янада такомиллаштириш мақсадида Германия, Италия, Жанубий Корея, Тайван ва Япониядан 50-100 га яқин замонавий техника ва технологиялар олиб келинган, – дейди МЧЖ директори Бахтиёр Ҳамроев. – Янги ускуналарнинг ишга туширилиши меҳнат унумдорлиги ва маҳсулот сифатини ошириш билан бирга, ишлаб чиқариш жараёнларида инсон омилини камайтириш имконини бермоқда. Бугунги кунда корхонамизда машинасозлик йўналишидаги янги лойиҳалар ҳам изчил амалга оширилмоқда. Жумладан, 17 минг квадрат метр майдонда янги ишлаб чиқариш бўлими ташкил этилиб, “Лабо” автомашинаси ҳамда юк автомобиллари учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ушбу лойиҳа Хитой билан ҳамкорликда амалга оширилаётган бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнида Жанубий Кореядан келтирилган замонавий технологиялардан фойдаланилмоқда. Айни пайтда тўртта робот иш жараёнига жалб этилгани иш унумдорлиги ва маҳсулот сифатини оширишга хизмат қилмоқда.
Корхонадаги яна бир муҳим йўналиш — конструкторлик ишлари. Бу ерда 1 тоннадан 50 тоннагача юк кўтариш қувватига эга кранлар, 100 килограммдан 40 тоннагача бўлган редукторлар, вагон ағдаргичлар, насослар ва бошқа мураккаб механизмлар лойиҳаланмоқда. Ўзбекистонда биринчи марта лойиҳаланган вагон ағдаргич буюртмачига етказиб берилган ва бугунги кунда амалиётда самарали ишламоқда. Айни пайтда “БелАЗ” ва экскаваторлар учун электродвигателларни лойиҳалаш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Корхонада ёшларнинг таълим олиши ва касбий малакасини ошириши учун шароит яратилган. Мутахассислар билан бир қаторда, янги иш бошлаган ёшларга тажрибали устозлар бириктирилиб, уларнинг назарий билими амалиёт билан уйғунлаштирилмоқда. Ҳар йили разряд имтиҳонлари ўтказилиб, ишчиларнинг касбий маҳорати баҳоланади. Бу эса ёшларнинг ўз устида ишлаши, соҳани чуқур ўрганиши ва малакали мутахассис бўлиб етишишига замин яратмоқда.
Корхонада маҳаллийлаштириш жараёни ҳам изчил давом этмоқда. Агар 2007-2017 йилларда 50 дан ортиқ турдаги маҳсулот маҳаллийлаштирилган бўлса, бугун уларнинг тури қарийб 400 тага етган. Ҳозирда талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, 2000 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Айниқса, илгари четдан импорт қилинган маҳсулотларни маҳаллий конструкторлар томонидан қайта лойиҳалаш ва ўзлаштириш валюта маблағларини тежаш, саноат кооперациясини кучайтириш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ишлаб чиқаришда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланилаётгани ҳам корхонанинг инновацион салоҳиятини кўрсатади. Замонавий технологиялардан унумли фойдаланиш маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, янги турдаги буюртмаларни ўзлаштириш ва ишлаб чиқариш жараёнларини янада такомиллаштириш имконини бермоқда.
Бугунги кунда давлат томонидан тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун муҳим омил бўлмоқда. Хусусан, валюта конвертацияси, имтиёзли кредитлар, солиқ тўловларида яратилаётган қулайликлар ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқот механизми янги лойиҳаларни амалга оширишга кенг йўл очмоқда.
2026 йилнинг 13 август куни Давлатимиз раҳбарининг “Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига кўра, корхона раҳбари Бахтиёр Ҳамроевнинг “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими” фахрий унвони билан тақдирлангани эса жамоанинг кўп йиллик меҳнатига берилган юксак баҳодир. Бу эътироф нафақат раҳбар, балки бир мақсад йўлида меҳнат қилаётган бутун жамоа учун катта рағбатдир.
Машинасозлик — катта билим, тажриба ва сабр талаб қиладиган мураккаб соҳа. Малакали токарь, фрезерловчи ёки муҳандисни тайёрлаш учун йиллар керак бўлади. Шу боис корхонада ёшларни касбга ўргатиш, уларнинг қўлидан ушлаб, замонавий станоклар билан ишлашга тайёрлашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда. Бундай ёндашув ишлаб чиқаришнинг бугунги эҳтиёжини қондириш билан бирга, соҳанинг эртанги кадрлар салоҳиятини ҳам таъминлайди.
[gallery-30980]
Дарҳақиқат, бугун Навоий вилоятида саноатни модернизация қилиш, маҳаллийлаштириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Машинасозлик соҳасидаги бундай корхоналарда янги технологияларнинг жорий этилиши, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларнинг ўзлаштирилиши, ёш кадрларнинг касбий салоҳиятини ошириш ва янги иш ўринларининг яратилиши мамлакат иқтисодий тараққиётига хизмат қилмоқда.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари