Сурхондарёда “35 йилга 35 кўчат” акцияси бошланди
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 31 мартдаги “Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик вазиятни яхшилаш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ кутилмаганда юз берадиган шамол таъсирини камайтириш учун вилоятнинг Ангор ва Термиз туманларидаги йирик майдонларда “яшил белбоғ”лар ташкил этилмоқда.
“Афғон шамоли” билан танилган жанубдаги вилоятда сўнгги йилларда теварак-атрофни яшилликка буркашга илмий асосда ёндашган ҳолда кўчат экиб, “яшил белбоғ”лар яратиш ажойиб анъанага айланди.
Шу йилнинг ўтган даврида Ангор туманининг М39 халқаро магистраль автомобиль йўли бўйидаги 102 гектар ер майдонида 261 минг туп ва “Қорақир” даҳаси ҳудудидаги 108 гектар ерда вилоятдаги 6 та давлат ўрмон хўжалиги 270 минг туп, Термиз тумани “Каттақум” даҳасида вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари ташаббуси билан 82 гектар ер майдонида 218 минг туп мевали ва манзарали дарахт, Янгиобод маҳалласи ҳудудидаги 31 гектар ер майдонда 12,7 минг туп “элдор” қарағай кўчати экилди.

Байрам арафасида бошланган акция ҳам яшил ҳудудларни янада кенгайтириб, атроф-муҳитни ободонлаштириш ва аҳолининг экологик маданиятини юксалтиришга, чанг-тўзон кўтарилишининг олдини олишга қаратилган. Шу мақсадда экология соҳаси ходимлари, ёшлар ва маҳаллалар фаоллари ҳудудларда танлаб олинган бўш ерларга тут, каталпа, арча ва шарқ туяси сингари дарахт кўчатларидан 35 тупдан қадаб, яшил майдонларни кенгайтирмоқда.

–Аслида вилоятда эсадиган “афғон шамоли”нинг таъсирини камайтиришга қаратилаётган эътибор ҳам истиқлол шарофатидир,–дейди вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бошлиғи Баҳодир Урунов.–Чунки, бу шамол собиқ тузум даврида ҳам авж билан тез-тез эсиб, тупроқ унумдорлиги ва инсон саломатлигига таъсир ўтказар эди. Лекин бунга шунчаки табиат ҳодисаси сифатида қараб, зарур чоралар кўрилмади. Дарахтзорлар барпо этилган бўлса-да, бугунгидек илмий асосда ёндашилмади. Эндиликда олимлар тавсияси асосида кўчат экилиб, шамол йўналишлари тўсилмоқда. Бу чанг-тўзонлар кўтарилишини нисбатан сусайтириб, тупроқ эрозиясининг олдини ола бошлади.

Мавриди келганда айтиш керакки, шу пайтгача одамлар орасида ёзда экилган кўчат унмайди, деган фикр юрар эди. Ёз иссиқ келадиган воҳада кейинги йилларда бу фаслда қадаладиган кўчатлар ҳам мутахассислар тавсияси асосида парваришланиб, ундириб олиняпти. Бунинг учун ниҳоллар томири нам тупроғи билан экилиб, салқин тушганда мунтазам суғорилаётир ва парвариш қилинмоқда. Яхши тутиб кетиши учун зарур агротехник тадбирлар ўтказилмоқда.

Шу кунларда мустақилликнинг 35 йиллиги олдидан эзгу ниятлар билан жойларда ўтқазилаётган манзарали дарахт кўчатлари ҳам кўкка бир текис бўй чўзиб, ҳудудларда шамол эрозиясининг салбий таъсирини камайтириш ва экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қила бошлайди. Теварак-атроф янада кўркам бўлиб, воҳани яшил манзара билан безайди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири