Илҳом Алиев: Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантириш биз учун устувор масалалардан биридир.(+видео)
Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида 13–14 июль кунлари IV Глобал медиафорум ўтказилмоқда. Форум мавзуси «Тинчликни тарғиб қилишда медианинг миссияси: ҳақиқатни тиклаш ва тикланиш». Унда 53 та давлатдан 160 га яқин медиа вакиллари, экспертлар ва расмий шахслар иштирок этмоқда.
Форум доирасида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ОАВ вакиллари билан мулоқот ўтказди. Ва “Sevimli TV” журналисти Жаҳонгир Олимовнинг саволига жавоб берди.

Илҳом Алиев:
Ўзбекистон ва Озарбайжон алоқалари замирида дўстлик ҳамда қардошлик муносабатларимиз ётади ва муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев билан шахсий дўстлигимиз бу муносабатларни янада юқори босқичга кўтарди.
Шуни таъкидлашим керакки, Қорабоғни тиклашда бизга биринчи бўлиб айнан Ўзбекистон Президенти ёрдам қўлини чўзди. Фузулий шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги гўзал ва йирик мактаб бунёд этилди ва муҳтарам Шавкат Мирзиёев жаноблари билан биргаликда биз ушбу мактабнинг очилишини нишонладик. Ундан кейин бошқа қардош давлатлар ҳам бизга совғалар тақдим этишди — Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, бироқ биринчи ёрдам айнан Ўзбекистондан келди.

Ҳар гал Ўзбекистонда бўлганимда, халқларимиз бир-бирига қанчалик яқин ва боғлиқ эканига яна бир бор амин бўламан. Ёзма сўзларни кўрганда ҳеч қандай таржимага эҳтиёж қолмайди. Тилларимиз ҳам бир-бирига жуда ўхшаш. Табиий талаффузда бироз фарқ бор, лекин принципиал жиҳатдан ҳамма нарса тушунарли.
Бизни жуда буюк тарихий алоқалар бирлаштириб туради. Ва Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантириш биз учун устувор масалалардан биридир.
Шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, Ўзбекистон ўзининг қардошлик миссиясини фақатгина мактаб билан якунлагани йўқ. Хонканди шаҳридаги биринчи йирик саноат корхонаси — тикувчилик фабрикаси ҳам айнан Ўзбекистон сармояси ҳисобидан очилди ва яна муҳтарам Президент Мирзиёев билан биргаликда биз ушбу фабрикага ташриф буюрдик.
Кўплаб иқтисодий ва саноат лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ҳам Озарбайжон, ҳам Ўзбекистон инвестициялари киритилмоқда. Биз қўшма инвестиция фондини ташкил этдик. Қиймати 500 миллион доллар бўлган ушбу инвестиция фонди ҳам Ўзбекистонда, ҳам Озарбайжонда турли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш билан шуғулланади. Бугунги кунда Озарбайжоннинг "SOCAR" нефть компанияси Ўзбектистондаги жуда муҳим газ конига сармоя киритган. Ва умид қиламанки, яқин келажакда бизга хушхабар ва хушмужда етказишади. Чунки бугун энергия хавфсизлиги масалалари, айниқса газ таъминоти кўплаб мамлакатлар учун ғоят муҳимдир. Умид қиламанки, "Қустуқ" конидаги қидирув-кашфиёт ишлари ижобий натижа билан якунланади.
Озарбайжон — Марказий Осиё форматига келадиган бўлсак, бу ерда ҳам Президент Мирзиёевнинг беқиёс хизматлари ва алоҳида ўрни бор. Озарбайжон аллақачон тўлақонли аъзо сифатида ушбу Маслаҳат кенгашига қўшилди. Мен икки марта олий даражадаги учрашувларга (саммитларга) фахрий меҳмон сифатида таклиф қилинган эдим. Охирги марта эса энди Озарбайжон — Марказий Осиё ягона маслаҳат кенгаши тузилди. Ва бу бизни жуда ғурурлантиради, жуда қувонтиради. Бу, айтишим мумкинки, ноёб бир воқеадир. Чунки географик жиҳатдан биз, тўғри, Жанубий Кавказда жойлашганмиз. Бироқ маданий, тарихий, этник алоқалар шунчалик кучли ва сиёсий муносабатлар шунчалик кўп қирралики, бизга дўст бўлган туркий тилли давлатлар бизни қабул қилишга қарор қилишди. Ва бу бугунги кунда геосиёсий ҳамда геоиқтисодий алоқаларга ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Боиси, амалда Марказий Осиё Озарбайжон билан ягона иқтисодий ва сиёсий маконда бирлашмоқда. Шу билан бирга, боғланишлар, транспорт ва логистика лойиҳаларини амалга ошириш йўналишида бунинг аҳамияти жуда катта.
Албатта, Президент Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўра билиши ва стратегик қарашлари бу ерда ғоят муҳим рол ўйнади, деб айта оламан.
Фурсатдан фойдаланиб, ўзбек қардошларимизни эришган барча ютуқлари муносабати билан табрикламоқчиман. Мен Ўзбекистонда тез-тез бўлиб тураман. Шубҳасиз, бу йил ҳам бораман. Ҳар гал борганимда янгиланишларни кўриб, жуда қувонаман. Биламанки, қардош ўзбек халқи ва давлати Президент Мирзиёев раҳбарлигида муваффақиятли ва ишонч билан олға бормоқда. Сизларга ҳам "Хуш келибсиз!" дейман.
<iframe width="1335" height="751" src="https://www.youtube.com/embed/B_50i-ZL2SA" title="Ozarbayjon Prezidenti Ilhom Aliyev “Sevimli TV” jurnalisti Jahongir Olimov savoliga javob berdi." frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>ЎзА