Бекободда “Ўзбекистон экологик технологиялар саноат парки” ташкил этилади
Президент Шавкат Мирзиёев қора металлургия саноатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказмоқда.
Бекобод металлургия комбинатидаги 90 гектар майдонда тайёр инфратузилмага эга “Ўзбекистон экологик технологиялар саноат парки” ташкил этилади.
Шу ернинг ўзида қора металлар бўйича R&D маркази ташкил этилиб, янги маҳсулотлар яратиш ва уларни саноатга жорий қилиш йўлга қўйилади.
Ушбу ҳудудда халқаро сертификат берадиган замонавий лаборатория ишга туширилади.
Жорий йилнинг ўзида саноат паркида хусусий инвесторлар билан катта диаметрли қувур, кўтарма кран, филтрлаш ускуналари каби янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар бошланади.
Шунингдек, Самарқанд, Жиззах, Наманган ва Сирдарёдаги йирик металлургия корхоналари атрофида жами 100 миллион долларлик кооперация лойиҳалари дастурини ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Мазкур лойиҳалар ҳудудларда қўшилган қиймат занжирини кенгайтириш, хусусий сектор фаоллигини ошириш ва янги турдаги металл маҳсулотларини маҳаллийлаштиришга хизмат қилади.
ЎзА