“Ибрат фарзандлари” лойиҳаси доирасида Тошкент давлат шарқшунослик университетида янги марказ очилди
Бугунги кунда ёшларнинг сифатли таълим олиши, хорижий тилларни пухта ўзлаштириши ва замонавий касбий кўникмаларни эгаллашига қаратилган ташаббуслар кенг қулоч ёймоқда. Шу йўналишда амалга оширилаётган лойиҳалардан бири — “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси бўлиб, у ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Лойиҳа доирасида Тошкент давлат шарқшунослик университетида янги марказ очилди. Мазкур марказ талаба-ёшларнинг хорижий тилларни ўрганиши, замонавий касбий кўникмаларни эгаллаши, шунингдек турли таълимий ва инновацион лойиҳаларда фаол иштирок этишини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Тадбирда ТДШУ ректори Гулчеҳра Рихсиева ҳамда лойиҳа раҳбари Рустам Қориев марказ фаолияти, унинг мақсад ва вазифалари ҳақида сўз юритди. Улар марказнинг ёшлар учун яратилган имкониятлари, замонавий таълим технологиялари ва инфратузилмаси ҳақида ҳам батафсил маълумот берди.
Марказда талабалар учун махсус компьютер хоналари ташкил этилган бўлиб, улар замонавий дастурлар ва онлайн ресурслар орқали тил ўрганиш, илмий-тадқиқот ишлари ва лойиҳа фаолиятида фойдаланишлари мумкин. Шунингдек, марказда хорижий тиллар, шарқ тиллари ва йирик ғарб тиллари бўйича семинарлар, маҳорат дарслари ва тренинглар мунтазам равишда ўтказилади. Бу талабалар учун нафақат таълим, балки ўз бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ва ижодий салоҳиятларини ривожлантириш учун муҳим платформа ҳисобланади.
Марказ шунингдек, талаба-ёшларнинг интеллектуал ривожланиши, касбий кўникмаларини ошириш ва халқаро тажрибаларни ўзлаштириш учун кенг имкониятлар яратади. Бу орқали улар нафақат назарий билимларга эга бўлади, балки амалий кўникмаларини ҳам мустаҳкамлайди ва келажакдаги касбий фаолиятларига пухта тайёрланади.
Ушбу марказнинг очилиши ёшларнинг билим ва кўникмаларини ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб, уларнинг халқаро майдонда рақобатбардош кадрлар сифатида шаклланишига хизмат қилади. Бундай ташаббуслар келажакда мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган етук мутахассисларни тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА