Билимга интилган ёшлар учун замонавий маскан
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабнинг Фарғона филиалида янги ўқув йили замонавий бинода бошланди.
Мамлакатимизда таълим ва фан тараққиётининг ҳал қилувчи аҳамиятини инобатга олган ҳолда ёш авлодга сифатли таълим бериш, уларни замонавий билим ва касб-ҳунарларга ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Фарғона вилоятида ҳам изчил ишлар амалга оширилмоқда бўлиб, буни Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактаб Фарғона филиали мисолида ҳам кўриш мумкин.
[gallery-31298]
504 ўринга мўлжалланган таълим муассасасида айни пайтда 432 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Янги ўқув йилида мактабга 7 минг 900 нафардан зиёд номзод ҳужжат топширган бўлиб, саралаш натижаларига кўра, улардан 72 нафари қабул қилинди. Бу бир ўрин учун ўртача 115 нафар номзод рақобатлашганини англатади ва ёшларнинг сифатли таълимга бўлган қизиқиши тобора ортиб бораётганидан далолат беради.
Бугунги кунда ўқувчиларга 15 нафар олий малака тоифасига эга педагог таълим бермоқда. Янги бинода замонавий синф хоналари, ўқув лабораториялари, спорт зали ҳамда ошхона ўқувчилар ихтиёрига берилган.
Таълим муассасасида ўқувчиларнинг замонавий билим ва кўникмаларини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, улар хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қиладиган ўз таълим платформасини яратган, шунингдек, робототехника йўналишида ҳам салмоқли натижаларга эришилмоқда.
Мазкур замонавий таълим даргоҳидан келгусида Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний каби буюк алломалар изидан борувчи, илм-фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган билимли ва салоҳиятли ёшлар етишиб чиқиши шубҳасиз.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА