Ҳусанов майдонга тушган баҳсда "Манчестер Сити" чорак финалга чиқди
Ҳамюртимиз фаолиятини давом эттираётган «Манчестер Сити» клуби Англия Лига кубогининг тўртинчи босқичида «Брайтон» жамоасини мусобақадан чиқариб юборди.
Англия Лига кубогининг тўртинчи босқичида «Манчестер Сити» пенальтилар сериясида «Брайтон»ни мағлуб этиб, чорак финалга йўл олди. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ҳам ушбу учрашувда майдонга тушди.
Баҳс кескин кураш остида ўтди. Учрашувнинг 30-дақиқасида Малик Ялкуйе меҳмонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Танаффус арафасида Матео Ковачич Фил Фоденнинг узатмасидан кейин ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи бўлим бошида Жоржиньо Руттер «Брайтон»ни яна олдинга олиб чиқди. Учрашувнинг 72-дақиқасида эса Раян Шеркининг жарима зарбасидан кейин тўп Витор Рейсга тегиб, дарвозага кирди ва ҳисоб 2:2 кўринишини олди.
Қолган вақтда жамоалар ғалаба голини киритишга ҳаракат қилди. Бироқ, асосий вақтда ғолиб аниқланмади ва учрашув тақдири пенальтилар сериясида ҳал бўлди. Унда «Манчестер Сити» дарвозабони Ясин Аяри ва Льюис Данкнинг зарбаларини қайтариб, жамоасининг ғалабасига катта ҳисса қўшди. Пенальтилар сериясида «МС» 4:3 ҳисобида устун келди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов учрашувнинг 76-дақиқасида Рико Льюис ўрнига майдонга тушди. Flashscore статистик портали ўзбекистонлик футболчининг ҳаракатларини 6,4, Sofascore эса 6,9 баллга баҳолади.
Шу тариқа, «Манчестер Сити» Англия Лига кубогининг чорак финалига йўл олди. Ушбу босқичда жамоа «Брэдфорд Сити» билан куч синашади. Учрашув 15 декабрь куни Манчестер шаҳридаги «Этиҳад» стадионида ўтказилиши режалаштирилган.
Англия Лига кубогининг тўртинчи босқичидаги энг кутилмаган натижалардан бири қуйи лига вакили «Флитвуд Таун» клубининг «Арсенал» устидан қозонган ғалабаси бўлди.
Учрашувнинг 21-дақиқасида «Флитвуд Таун» футболчиси Аарон Лупало-Би ҳисобни очди. Иккинчи бўлимнинг 50-дақиқасида Виктор Дьёкереш мувозанатни тиклади. Асосий вақт 1:1 ҳисобида якунлангач, пенальтилар сериясида «Флитвуд Таун» 5:3 ҳисобида ғалаба қозонди ва мусобақанинг амалдаги чемпионини курашдан чиқариб юборди.

«Брэдфорд Сити» ўз майдонида «Питерборо Юнайтед»ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Жиллеспи ва Адам Филлипс томонидан киритилган голлар мезбонларга ғалаба келтирди. «Фулҳэм» — «Кристал Пэлас» учрашувида Эдди Нкетиа томонидан киритилган ягона гол ғолибни аниқлади. «Кристал Пэлас» сафардаги ғалаба эвазига чорак финалга йўл олди.
«Борнмут» ўз майдонида «Астон Вилла»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. «Сандерленд» эса «Брентфорд» устидан 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди.
Турнинг яна бир қизиқарли баҳсида «Ливерпуль» ва «Челси» жамоалари ўзаро куч синашди. Учрашувда дастлаб «Челси» футболчиси Рожерс 40-дақиқада пенальтидан ҳисобни очган бўлса, Коди Гакпо 43-дақиқада яна пенальтидан ҳисобни тенглаштирди. Пенальтилар сериясида «Ливерпуль» 6:5 ҳисобида ғалаба қозонди.

Мусобақанинг чорак финалида «Кристал Пэлас» — «Сандерленд», «Ливерпуль» — «Борнмут» жамоалари ўзаро рақобатлашади. Бугун, 30 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 00:45 да «Эвертон» ва «Ньюкасл» ўртасидаги учрашув бўлиб ўтади. Ушбу баҳс ғолиби 1/4 финалда «Флитвуд Таун»га қарши майдонга тушади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА