Ҳудудлардаги мурожаатлар нега ўз вақтида ҳал этилмаяпти?
Бугунги кунда мамлакатимизда энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш, ноқонуний сарфланиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатиш давлат назоратининг муҳим талабларидан. Шунга кўра, соҳадаги тизимли назоратни кучайтириш, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини ошириш ва профилактик чора-тадбирларни такомиллаштириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида бугун “Ўзэнергоинспекция” бошлиғи Дадажон Исақулов раҳбарлигида йиғилиш ўтказилиб, белгиланган чора-тадбирларнинг ижроси ва соҳадаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Йиғилиш аввалида ҳудудларда ўтказилаётган сайёр қабуллар самарадорлиги ҳамда тадбиркорлик субъектлари ва фуқаролардан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш ҳолати танқидий таҳлил қилинди. Шу жараёнда айрим ҳудудий бошқармалар томонидан мурожаатларни ўз вақтида ўрганмаслик, масалаларни чўзиш ва етарли даражада эътибор қаратмаслик ҳолатлари қайд этилди.
Дадажон Исақулов қайд этганидек, мазкур ҳолатларга жиддий эътибор қаратилиб, мурожаатлар билан ишлашдаги масъулиятни ошириш зарур.
– Ҳар бир мурожаат ортида реал муаммо ва инсон манфаати туради. Шунинг учун уларни кўриб чиқишда кечикишга йўл қўйиш мумкин эмас. Ҳудудий бўғинларда интизом ва масъулият кучаймас экан, натижа ҳам бўлмайди. Шу сабабли, энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш, истеъмолчилар ўртасида ресурсларни тежаш маданиятини шакллантиришга қаратилган профилактик тарғибот ишларини кучайтириш ҳамда энергия аудити ишларини самарали ташкил этиш муҳим, – деди у.
Шунингдек, тадбирда энергетика объектларида эксплуатация ишларини тизимли ташкил этиш, уларни доимий равишда ўрганиш ва мониторинг қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар чоғида инспекциянинг назорат-кимё лабораториялари фаолияти ҳам муҳокама қилиниб, истеъмолчиларга етказиб берилаётган нефть маҳсулотлари сифати устидан назоратни янада кучайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Бундан ташқари, соҳада коррупциянинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилиш якунида ҳудудий бошқармалар масъулларининг ҳисоботлари эшитилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда давлат назорати самарадорлигини ошириш бўйича қатъий топшириқлар берилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА