Кибержиноятчиликка йўл йўқ!
Маҳаллаларда кибержиноятчилик ва аёлларга нисбатан технология асосидаги зўравонликнинг олдини олиш бўйича тренинглар бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмасининг “Навбаҳор” сиҳатгоҳида “Маҳаллаларда кибержиноятчилик ва аёлларга нисбатан технология асосидаги зўравонликнинг олдини олиш” мавзусида тренинг ўтказилмоқда.
Тренингдан маҳалла етакчилари ва тизим вакилларининг киберхавфсизлик ҳамда жабрланувчини марказга қўювчи ёндашув бўйича билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсад қилинган.
Тренинг давомида иштирокчилар рақамли муҳитдаги хавф-хатарлар, кибергигиена, кибержиноятчилик турлари ва уларнинг ҳуқуқий асослари билан танишиб, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича самарали ёндашувларни муҳокама қилмоқда.
Уч кунлик семинар доирасида аёлларга нисбатан технология асосидаги зўравонлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, астротурфинг, дипфейк, доксинг, визуал абуз, шахсни ўзлаштириш ва кибер таъқиб каби ҳолатларни аниқлаш ҳамда уларга муносабат билдириш бўйича амалий машғулотлар ўтказилиши режалаштирилган.
Н.Усмонова, ЎзА