Ҳудудлараро ҳамкорлик: янги имкониятлар муҳокамаси
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Александр Огородников бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Унда икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, айниқса саноат, агросаноат, логистика ва инвестиция соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Дастлаб элчи Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги дўстона муносабатлар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилганини таъкидлаб, давлат раҳбарлари томонидан олиб борилаётган очиқ ва ўзаро ишончга асосланган сиёсат ҳудудлараро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини алоҳида қайд этди.
Мулоқот давомида қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқариш ва етказиб бериш, агросаноат мажмуасини ривожлантириш, гўшт ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорликни кучайтириш бўйича таклифлар билдирилди. Вилоят раҳбари аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда мазкур йўналишлар муҳим ўрин тутиши, Беларусь эса бу борада катта тажрибага эгалигини алоҳида таъкидлади.

Шунингдек, тиббий ускуналар ишлаб чиқариш, логистика марказлари ва омбор инфратузилмасини ташкил этиш каби истиқболли йўналишлар ҳам муҳокама қилинди.
Беларуснинг Европа бозорларига чиқиш имкониятлари ва логистика жиҳатдан қулай жойлашуви бу соҳада ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш учун муҳим омил сифатида қайд этилди.

Беларусь томони Ўзбекистон маҳсулотларига, айниқса, сархил мева ва сабзавотларга Европа бозорларида қизиқиш юқори эканини қайд этди. Италия бозорида ўзбек помидорларига талаб ортиб бораётгани мисол тариқасида келтирилди.
Учрашувда меҳнат миграцияси, хорижда ишлаётган фуқароларнинг тил билиши ва касбий тайёргарлиги билан боғлиқ масалалар ҳам кўтарилди. Томонлар меҳнат мигрантларини тайёрлаш, уларни касбга ўқитиш ва ижтимоий мослашувини таъминлаш муҳим эканини таъкидладилар.

Шунингдек, жорий йилнинг 6–8 июль кунлари Беларусь Республикасида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон – Беларусь ҳудудлараро ҳамкорлик форумига тайёргарлик масалалари ҳам ўртага ташланди. Шу билан бирга, тоғ-кон саноати соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.
Якунда томонлар ҳамкорликни аниқ лойиҳалар асосида ташкил этиш, ишчи гуруҳлар тузиш ва келгусидаги ташрифларга пухта тайёргарлик кўриш бўйича келишиб олди.
А. Мусаев, ЎзА.