Ҳудудлар ривожи эътибор ва масъулият талаб этади
Иқтисодий кўрсаткичлардаги ўсиш ҳудуд тараққиётининг муҳим мезони. Бироқ бу жараён ҳар бир корхона фаолиятида, янги иш ўринлари яратилишида, маҳаллалар инфратузилмаси ва аҳоли турмушида ҳам ўз ифодасини топиши керак. Ангрен шаҳрининг жорий йил тўққиз ойлик фаолияти таҳлили айни жиҳатларни яна бир бор кун тартибига олиб чиқди.
Шаҳарнинг иқтисодий салоҳияти, ишлаб чиқариш имкониятлари ва мавжуд меҳнат ресурслари тараққиёт учун мустаҳкам замин яратади. Шу билан бирга, бу имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, иқтисодий ўсиш суръатларини барқарорлаштириш ва аҳоли турмуш сифатини яхшилаш доимий эътибор талаб этади. Шу нуқтаи назардан, ҳудуднинг 2026 йил тўққиз ойлик ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари, йил охиригача бажарилиши лозим бўлган вазифалар, маҳаллалардаги муаммолар ҳамда куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалаларига бағишланган йиғилишда мавжуд ҳолат атрофлича таҳлил қилинди.

Масъул бошқарма ҳамда ташкилотлари раҳбарлари, фаоллар, маҳалла еттилиги вакиллари иштирокидаги мулоқотда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев кун тартибидаги масалалар юзасидан таҳлилий-танқидий маъруза қилди. Қайд этилганидек, ўтган даврда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 9,1 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 109,8 фоизга етган. Хизматлар соҳасида эса 3,1 триллион сўмлик ҳажм қайд этилиб, ўсиш 118 фоизни ташкил қилган. Аммо, умумий ўсиш кўрсаткичлари ортида эътибор талаб қиладиган ҳолатлар ҳам йўқ эмас. Жумладан, “Ангрен картон-қоғоз комбинати” МЧЖда ишлаб чиқариш ҳажми 107,5 миллиард сўмга, “Vita Ceramics” АЖда эса 6,6 миллиард сўмга камайган. Хизматлар соҳасидаги 9 та корхонада ҳам 45,9 миллиард сўмлик пасайиш кузатилган.

Бу эса иқтисодий фаолликни янада ошириш, ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ва фаолиятида пасайиш кузатилаётган корхоналарни қўллаб-қувватлаш зарурлигини кўрсатади. Кичик бизнес фаолиятидаги вазият ҳам жиддий ёндашувни талаб этади. Шаҳарда 925 та кичик бизнес субъекти, яъни жами субъектларнинг 27,9 фоизи ўз фаолиятини тўхтатган. Уларнинг 316 таси савдо, 143 таси саноат, 101 таси қурилиш соҳасига тўғри келади.
Албатта, тадбиркорлик субъектлари сонининг кўплиги ўз-ўзидан иқтисодий барқарорликни англатмайди. Муҳими, уларнинг фаолият юритиши, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш ҳажмини ошириш, аҳоли бандлигига муносиб ҳисса қўшишидир. Шу боис фаолиятини тўхтатган корхоналар билан ишлаш, уларни қайта тиклаш имкониятларини ўрганиш долзарб вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Маҳаллалардаги микролойиҳалар ижроси ҳам алоҳида таҳлил қилинди. Маълум бўлишича, микролойиҳаларнинг 84,8 фоизи ташаббускорларнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган. Бироқ бу борада лойиҳалар сони ёки молиялаштирилган маблағнинг ўзи эмас, балки уларнинг амалда ишга туширилиши, барқарор даромад манбаи ва янги иш ўринлари яратиши асосий мезон бўлиши керак.

Коммунал хизматлар ва кўп квартирали уйлар билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокаманинг муҳим йўналишларидан бўлди. Шаҳарда коммунал хизматлар бўйича дебитор қарздорлик 24,3 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Кўп квартирали уйлар юзасидан келиб тушган 167 та мурожаатнинг эса атиги 28 фоизига ижобий ечим топилган. Бу кўрсаткичлар аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини кучайтириш ва мавжуд муаммоларни ортга сурмасдан ҳал этиш зарурлигини англатади.
Шаҳар ободончилиги ва экологик барқарорлик масалаларида ҳам бажарилиши лозим бўлган ишлар талайгина. Хусусан, “Яшил макон” дастури доирасида 138 минг 293 туп кўчат экиш режалаштирилган бўлса-да, амалда 33 минг туп, яъни режанинг 23,9 фоизи бажарилган. Демак, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун масъулларнинг иш суръатларини ошириш талаб этилади.
Ангренда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида ҳам муайян натижаларга эришилган. Бугунги кунда шаҳарда 189 минг 513 нафар аҳоли истиқомат қилади. Тўққиз ойлик якунларига кўра, ишсизлик даражаси 3,1 фоизни, ишсизлар сони эса 3 минг 357 нафарни ташкил этган. Камбағаллик даражаси 1,4 фоизга туширилган бўлиб, 754 та оилада 3 минг 227 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Доимий иш ўринларини яратиш бўйича йиллик режа 5 минг 57 та этиб белгиланган. Амалда эса 5 минг 328 та иш ўрни ташкил этилиб, режа 105,4 фоизга бажарилган.

Шунга қарамай, умумий бандлик кўрсаткичлари билан маҳаллалардаги микролойиҳалар ижроси ўртасида тафовут мавжуд. Бу эса эришилган натижаларни ҳар бир маҳалла ва оиланинг кундалик ҳаётида янада яққол намоён этиш зарурлигини кўрсатади. Зеро, бандлик борасидаги ишларнинг самараси, аввало, фуқароларнинг доимий даромад манбаига эга бўлиши билан ўлчанади.
Йиғилишда мавжуд камчиликларни бартараф этиш, йил якунига қадар белгиланган кўрсаткичларга эришиш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
А.Мусаев, ЎзА