Миллатлараро тотувлик – Янги Ўзбекистон қудрати
Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда арман миллий маданий маркази ташкил этилганлигининг 35 йиллиги муносабати билан шу шиор остида концерт дастури намойиш қилинди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси дин ишлари бўйича қўмитасининг Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи С.Боймуродов сўзга чиқиб, юртимизда турли миллат ва элат вакилларининг аҳил-иноқ, бир оила фарзандларидек яшаб келаётгани, бунинг ҳуқуқий, ижтимоий-маданият асослари яратилганини таъкидлади. Вилоятдаги ўндан ортиқ миллий маданий марказ қаторида “Луйс” арман миллий маданий маркази ҳам самарали фаолият кўрсатаётгани ва жамият ҳаётида фаол қатнашаётганини қайд этди.

Бугунги кунда Самарқандда 7200 дан ортиқ арман миллатига мансуб юртдошларимиз ҳаёт кечирмоқда. Уларнинг ўз тили ва маданияти, миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаши учун зарур шарт-шароит, имкониятлар яратилган. “Луйс” арман миллий маданий маркази бу борада фаол иш олиб бормоқда.

Тадбир иштирокчилари арман миллий маданий маркази ва ушбу миллат вакилларини табриклаб, ўз дил сўзларини билдирдилар. Самарқандлик хонандалар ва ижодий жамоалар, миллий маданий марказлар қошидаги ҳаваскор бадиий гуруҳлар томонидан ўзбек, арман ва бошқа миллатлар куй-қўшиқлари ижро этилди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири