Ҳудуд ривожи стратегик ёндашувларга боғлиқ
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги масъуллари ҳамда тегишли раҳбарлар билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган мақсад ва кўрсаткичларга тўлақонли эришиш, ҳудудни ривожлантиришга қаратилган стратегик ҳужжатларни ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг ижросини тизимли ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, ҳудуддаги мавжуд муаммоларни барвақт аниқлаш ва тезкор ҳал этиш, устувор йўналишларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда стратегик мақсадларга эришишга тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этишда ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Президентимизнинг 2025 йил 29-декабрдаги “Стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини янгича ёндашувлар асосида ташкил этиш ва самарали йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш юзасидан аниқ ва амалий таклифлар ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда, шунингдек, Стратегик ривожланиш ва ислоҳотлар агентлиги томонидан ишлаб чиқилган Геопортал имкониятлари намойиш этилди. Мазкур тизим ҳудудлардаги ижтимоий ва коммунал объектлар, инфратузилма ҳамда уларга оид маълумотларни ягона платформада акс эттириш имконини беради.
Геопортални ҳудуд раҳбарияти ва масъуллар фаолиятига кенг жорий этиш, ундан самарали фойдаланиш орқали мавжуд муаммоларни манзилли аниқлаш ва тезкор чоралар кўриш бўйича келишиб олинди.

Учрашув якунида белгиланган вазифаларни сифатли ва ўз вақтида бажариш, ҳудуд ривожига таъсир кўрсатаётган масалаларни манзилли ҳал этиш ҳамда стратегик кўрсаткичлар ижросини доимий мониторинг қилиб бориш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
А.Мусаев, ЎзА