Хотира муқаддас — қадр абадий
9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармасида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят Кенгаши вакиллари, фахрийлар, ҳарбий хизматчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этиб, хизмат бурчини адо этиш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хотирасига чуқур эҳтиром изҳор этдилар.
Шу куни Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармасида ўрнатилган қаҳрамонлар монументи қаршисида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган сафдошлар — сержант Суяров Ҳусниддин Зокирович ҳамда сержант Суюнов Ҳазрат Кароматовичларнинг ёрқин хотирасига алоҳида эҳтиром кўрсатилди. “Қаҳрамонлар номи барҳаёт” шиори остида уларнинг жасорати ва фидойилиги яна бир бор ёдга олинди.
Шунингдек, “Хотира муқаддас — қаҳрамонлар абадий” шиори остида Миллий гвардия Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамкорлигида кенг кўламли хотира тадбирлари ўтказилди.
Ташаббус доирасида қаҳрамон ҳарбий хизматчилар таҳсил олган таълим муассасаларида, шунингдек, туманлардаги хотира монументлари ва бюстлар пойига гулчамбарлар қўйилиб, уларнинг ёрқин хотирасига юксак эҳтиром бажо келтирилди.
[gallery-29191]
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилоят Кенгашининг ҳарбий қисм ва муассасаларидаги бошланғич ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш бўлими бошлиғи, капитан Фурқатжон Азимов таъкидлашича, бундай тадбирлар ёшлар қалбида Ватанга садоқат, хизмат бурчига масъулият ва қаҳрамонлар хотирасига эҳтиром туйғуларини янада мустаҳкамлайди.
Мазкур маънавий-маърифий учрашувларда фахрийлар, ҳарбий хизматчилар ҳамда ўқувчи-ёшлар фаол иштирок этиб, қаҳрамонлар хотирасини улуғлаш барча авлодлар учун муқаддас бурч эканини яна бир бор намоён этдилар.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА