Хотин-қизлар билан ишлаш тизими самарадорлиги оширилмоқда
“Навоийуран” давлат корхонасида "Корхона ва ташкилотлар, таълим муассасаларида хотин-қизлар билан ишлаш тизими самарадорлигини ошириш" мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Навоий вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда корхонанинг фаол хотин-қизлари, ташкилот ва муассасалардаги хотин-қизлар масалалари бўйича масъул ходимлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Семинар аввалида иштирокчиларга корхонанинг фаолияти, ишлаб чиқариш салоҳияти ва хотин-қизлар билан ишлаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар ҳақида видеоролик намойиш этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ва меҳнат жамоаларидаги фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтишди.

Таъкидланганидек, хотин-қизлар билан ишлашда ҳар бир ходимнинг мурожаатини ўз вақтида ўрганиш, муаммонинг сабабларини чуқур таҳлил қилиш ҳамда уни бартараф этиш бўйича аниқ чораларни белгилаш самарадорликнинг муҳим омилидир. Бунда корхона ва ташкилотларда хотин-қизлар бошланғич ташкилотлари, масъул ходимлар ҳамда жамоат тузилмалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш зарур.
Тадбирда “Навоийуран” давлат корхонасида хотин-қизлар билан ишлаш борасидаги тажриба ҳам алоҳида эътироф этилди. Корхонада меҳнат қилаётган фаол, ташаббускор ва ўз ишида намуна кўрсатаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий ва ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
– Бугунги кунда корхонамизда 11 минг нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. Уларнинг 905 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Эътиборлиси, уларнинг 34 нафари раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда, – дейди “Навоийуран” ДК бошқармаси ҳужжатлар ижросини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати бошлиғи Наргиза Кенжаева. – Хотин-қизларимиз корхонада нафақат маъмурий ёки ижтимоий йўналишларда, балки стратегик объектларда, назорат ва инспекторлик соҳаларида, лаборатория тадқиқотлари, геология, техник назорат ва бошқа муҳим ишлаб чиқариш йўналишларида самарали меҳнат қилмоқда. Корхонамизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш бўйича Маслаҳат кенгаши ташкил этилган. Шунингдек, Ишчи гуруҳлар томонидан бўлинмаларда сайёр қабуллар ўтказилиб, хотин-қизларни қийнаб келаётган масалалар, уларнинг мурожаат ва таклифлари мунтазам ўрганиб борилмоқда.

“Аёллар дафтари”га киритилган ҳамда камбағаллик реестрида турган ишсиз хотин-қизлар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 280 нафар хотин-қиз ва уларнинг оила аъзолари корхонанинг турли йўналишларига ишга қабул қилинган. Биргина жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 87 нафар хотин-қиз малака ошириш ва қайта тайёрлаш ўқув курсларида иштирок этди. 122 нафар хотин-қиз санаторий, профилакторий ва дам олиш масканларига юборилди. Бу эса корхонада ходимларнинг билим ва кўникмаларини мунтазам ривожлантиришга, уларнинг соғлигига алоҳида эътибор қаратилаётганини кўрсатади.
Семинар давомида хотин-қизлар билан ишлашнинг ҳуқуқий асослари, уларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, оилавий муносабатларда ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлаш, тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, хотин-қизларнинг бандлиги ва касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш, гендер тенглик тамойилларини меҳнат жамоаларида қарор топтириш каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Мулоқотлар жараёнида амалиётда учрайдиган ҳолатлар, уларнинг ечимлари ва хотин-қизлар билан ишлашда қўлланилиши мумкин бўлган самарали усуллар ҳақида ҳам фикр алмашилди.
Тадбир сўнггида концерт дастури намойиш этилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири