Лазизбек янги марраларни забт этишда давом этмоқда
Сирдарёлик ёш шахматчи, Гулистон шаҳридаги Ideal Study хусусий мактаби ўқувчиси Лазизбек Шавкатов Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтказилган “Kids Expo-Chess Cup 2026” халқаро мусобақасида икки медални қўлга киритди.
19–20 август кунлари илк бор ташкил этилган мазкур мусобақада 15 дан ортиқ давлатдан келган ёш шахматчилар иштирок этишди. Унда Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Эрон ва бошқа мамлакатларнинг вакиллари рапид ҳамда блиц йўналишларида куч синашди. Беллашувлар U8, U10 ва U12 ёш тоифаларида ўтказилди.
Ўзбекистон терма жамоаси сафида иштирок этган Лазизбек Шавкатов рапид баҳсларида бронза, блиц йўналишида эса кумуш медал билан тақдирланди. Шу тариқа сирдарёлик шахматчи бир мусобақанинг ўзида икки йўналишда совриндорлар қаторидан жой олди.

Ашхободдаги натижа Лазизбекнинг сўнгги йиллардаги изчил ютуқларининг давоми бўлди. У 2023 йилда Тошкентда ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги Осиё чемпионатида ўз ёш тоифасида олтин медалга сазовор бўлган.
2024 йилда эса “Соҳибқирон кубоги” халқаро турнирида муносиб иштирок этди. 13 давлатдан 200 нафардан зиёд шахматчи қатнашган мусобақанинг “B” гуруҳида Лазизбек 9 тур натижасига кўра 7,5 очко жамғариб, биринчи ўринни эгаллади.
Ёш шахматчи 2025 йилда ҳам халқаро майдонда тажрибасини оширди. Тошкентда ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги Осиё чемпионатида рапид, блиц ва стандарт йўналишларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилди.
2026 йил Лазизбек учун янада сермаҳсул келди. Февраль ойида Россиянинг Новокузнецк шаҳрида ўтказилган “Интеллект академияси кубоги” халқаро турнирида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этиб, жамоавий ғолибликка ҳисса қўшди. Шахсий баҳсларда эса 7 очко тўплаб, кучли ўнликдан жой олди.
Апрель ойида Тошкентда ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида Лазизбек U12 ёш тоифасида 9 партиядан 7,5 очко жамғариб, мамлакат чемпиони бўлди. Бу натижа унинг республика миқёсидаги етакчи ёш шахматчилардан бири эканини яна бир бор тасдиқлади.
— Лазизбек ҳар бир мусобақага жиддий тайёргарлик кўради. Партияларни таҳлил қилиш, хатолар устида ишлаш ва кучли рақиблар билан беллашиш унинг шахматдаги ўсишига хизмат қилмоқда. Ашхободдаги икки медаль ҳам ана шу меҳнатнинг натижаси, — дейди унинг мураббийи.

Лазизбек Шавкатовнинг 2026 йилда Ўзбекистон чемпиони бўлиши, халқаро мусобақада жамоавий ғолибликка ҳисса қўшиши ва Ашхободда икки медални қўлга киритиши унинг шахматдаги натижалари изчил ўсиб бораётганидан далолат беради.
Ёш шахматчи энди халқаро майдондаги тажрибасини янада бойитиб, юқори даражадаги мусобақаларда янги марраларни забт этишни мақсад қилган.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири