Хорижлик сайёҳлар “Бойсун баҳори”га тайёргарлик жараёни билан танишмоқда
Жорий йилнинг 1-10 май кунлари осмонўпар тоғлар қўйнидаги мафтункор Бойсун яна халқ оғзаки ижоди ва этнографиясини соғинган, гўзал табиат манзаралари ва Сурхондарёнинг тарихи олис ўтмишга бориб тақаладиган саёҳат манзилларига талпинган дунё аҳлини “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалига чорламоқда.
Сайёрамиз халқлари қалбидан чуқур жой олаётган фестивални янада жозибадор, қизиқарли ўтказишга Туризм қўмитаси, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар пухта ҳозирлик кўрмоқда.

Дунё олимларида катта қизиқиш уйғотиб келаётган Бойсун маданий муҳитини ЮНЕСКО “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси” дурдонаси сифатида эътироф этганига чорак аср, “Инсониятнинг номоддий маданий мероси” Репрезентатив рўйхатига киритилганига 18 йил тўлаётган бир паллада ўтказиладиган халқаро фестиваль бу йил илк марта ўн кун давом этиши режалаштирилмоқда. Шунингдек, номоддий маданий мерос байрами тадбирларига сайқал берилиб, маданий дастурлар бойитилмоқда. Фольклор санъати намойиши, миллий спорт ва халқ ўйинлари жумладан, кураш, кўпкари, от спорти каби мусобақаларга кенг ўрин ажратилаётир. Маҳаллий ҳокимликлар ва ташкилот, корхоналар қўрғонларида ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос удумлари, тарихи, энг ширин қадимий таомлари ва турфа анъаналарини намойиш этиш мўлжалланмоқда. Асрлар давомида миллий ўзлигини сақлаб қолган Бойсунда улғайиб, пойтахтимизда яшаётган машҳур бойсунлик таниқли шоиру, ёзувчилар, санъаткорлар учрашувларини ўтказиш, иштирокчиларни уларнинг ижодларидан баҳраманд этиш кўзда тутилмоқда. Ҳудудларга хос нафис ҳунармандлик кўргазмалари эса сурхондарёликларнинг аждодлар меросини қалб қўрида авайлаб-асраб, асрлар давомида ривожлантиргани ва ёш авлодга етказаётганини кенг намоён этади.

– Бу йилги дастурлардан ўрин олиши мўлжалланаётган яна бир янгилик – фестиваль бўлиб ўтадиган Бибиширин маҳалласидаги туризм мажмуасида айланаси беш метрлик улкан тандир ўрнатилиб, таъми мезбону меҳмонларни хушнуд этадиган бойсунликларнинг қадимий ноёб таоми тандир гўшт тайёрлаш ҳам мўлжалланмоқда, – дейди Сурхондарё вилоят туризм бошқармаси бошлиғи Д. Ҳафизов. – Бундай йирик тандир учун гўшт тайёрлаш, тандирда пишириш ва уни татиб кўриш, айниқса, хориждан келган меҳмонларда катта қизиқиш уйғотиши табиий. Фестивалнинг халқаро кўрик-танловида мамлакатимизнинг энг сара фольклор жамоалари билан бирга жаҳоннинг юзга яқин давлатидан келадиган санъаткорлар ўз маҳоратини, фольклор санъатини намойиш этади.

Ўтмишдан ўзига хос номоддий маданий бойлиги, осмонўпар тоғларию, табиатининг бетакрор гўзаллиги, шифобахш зилол сувлари билан сайёрамизга танилган қадимий бу маконнинг палеолит даврига оид инсоният бешиги – Тешиктош камари, Амир Темур, Мачай ғорлари, олтмиш беш миллион йиллик динозаврлар излари, ўз замонида муҳим истеҳком, стратегик иншоот вазифасини бажарган Узундара, Қўрғонзал, Туманқўрғон сингари археологик ёдгорликлари ҳудуднинг бой тарихидан гувоҳлик беради. Бир асрлик тарихга эга Сайроб чинорлари, Омонхона шифобахш суви, Тангисар қизил каньонлари, узунлиги 1430-1500 метрдан зиёд Дарк Стар (Қоронғи юлдуз) ғори, турли дардларга шифо бўладиган доривор гиёҳлари инсониятнинг Бойсунга меҳрини, ҳайратини ошириб, қалбида ажиб ҳис-туйғулар уйғотади.
Айни пайтда халқаро фестиваль довруғини эшитган хорижлик сайёҳлар ҳам Бойсунга келиб, бу ерда амалга оширилаётган тайёргарлик ишлари билан танишмоқда. Жумладан, франциялик бир гуруҳ туристлар вилоятга саёҳати чоғида Бойсунда бўлиб, туризм мажмуасини кўздан кечирди.

– Фестивалга тайёргарлик жараёни менда жуда чуқур ва унутилмас таассурот қолдирмоқда, – дейди франциялик сайёҳ Мишел хоним. – Ҳар бир қўрғонда гўё тарих сокин нафас олаётгандек, маданият эса жозибадор овози билан меҳмонларни қаршилаётгандек туюлади. Бу ерда ҳар бир безак, миллий либос, ҳунармандлик намуналарида асрлар давомида шаклланган бой анъана ва қадрият яққол намоён бўлмоқда. Бу ердаги ранг-баранг миллийлик, самимий муҳит ва инсонларнинг очиқ чеҳраси қалбимизга ўзгача илиқлик улашди. Биз Сурхондарёда қолиб, нафис фестиваль бошланишини кутишга келишдик. Албатта, бу байрамда қатнашамиз.

Халқаро фестиваль доирасида маҳаллий ва хорижлик меҳмонлар нафақат инсониятнинг энг қадимги манзилгоҳлардан бири бўлган Бойсундаги, балки қадимий ва ҳамиша навқирон Сурхон воҳасидаги ноёб археологик ва тарихий обидалар, бошқа туристик масканлар билан яқиндан танишишига қулай имконият яратилмоқда.
Вилоятда фестивалга ҳозирлик қизғин давом этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири