Осиё сейсмологик комиссиясининг (АСC) 16-Бош Ассамблеяси бўлиб ўтди
Дунё бўйлаб зилзилалар ва уларнинг оқибатларини камайтириш масаласи долзарб муаммолардан бири ҳисобланади. Айниқса, Марказий Осиё ҳудуди сейсмик фаол зонада жойлашгани сабабли илмий тадқиқотлар ва инновацион ечимларга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда.
Шу нуқтаи назардан, Осиё сейсмологик комиссияси томонидан ташкил этилаётган 16-Бош Ассамблеянинг айнан Тошкент шаҳрида ўтказилиши Ўзбекистоннинг илмий салоҳияти ва минтақавий етакчилигини яққол намоён этди.
Мазкур йирик илмий тадбирни ташкил этишда Сейсмология институти муҳим роль ўйнамоқда. Институт томонидан илмий дастур шакллантирилиб, тематик сессиялар ишлаб чиқилди. Бу эса анжуманнинг юқори илмий савияда ўтишини таъминлади.
Ассамблеяда дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакатидан 300 нафардан зиёд олим ва мутахассислар иштирок этди. Бу эса тадбирнинг кенг қамровли халқаро аҳамиятга эга эканини тасдиқлайди. Илмий дастур доирасида 300 дан ортиқ маъруза тингланди ҳамда 22 та тематик сессия ташкил этилади.
Ушбу сессиялар сейсмик хавфларни баҳолаш, муҳандислик сейсмологияси ва инфратузилма барқарорлиги, геодинамика ва тектоника, машинавий ўқитиш ва катта маълумотлар таҳлили, зилзилалардан эрта огоҳлантириш тизимлари, сейсмик мониторинг ва прогнозлаш каби йўналишларни қамраб олди.
[gallery-29005]
Ҳозирда сунъий интеллект ва рақамли технологияларни сейсмологияга татбиқ этишга катта эътибор қаратилмоқда. Бу эса зилзилаларни олдиндан аниқлаш, хавфларни прогноз қилиш ва уларнинг оқибатларини камайтиришда янги босқични бошлаб берди.
Тошкент шаҳрининг ушбу нуфузли тадбирга мезбонлик қилиши Ўзбекистоннинг сейсмология соҳасидаги салоҳияти ортиб бораётганини кўрсатади. Мамлакат ҳудудида зилзилалар хавфи мавжудлиги илмий изланишларга бўлган эҳтиёжни янада кучайтирган. Шу боис, халқаро даражадаги бундай анжуманлар нафақат илмий билимларни бойитади, балки амалий ечимлар ишлаб чиқиш учун ҳам мустаҳкам замин яратади.
Бундан ташқари, сунъий интеллект ва рақамли мониторинг тизимларининг қўлланилиши замонавий сейсмологиянинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида шаклланмоқда. Бу эса анъанавий ёндашувлардан фарқли равишда тезкор ва аниқ прогнозлаш имконини беради.
Дилдора Дўсматова,
Аслиддин Алижонов (сурат)
ЎзА