Хорижий дипломларни нострификация қилиш бўйича тест синовлари ўтказилди
Хорижий давлатларда олий таълим олган фуқароларнинг таълим ҳужжатларини тан олиш жараёнининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида нострификация бўйича навбатдаги тест синовлари ташкил этилди.
2026 йил 23 июнь куни хорижий давлатда олий таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш (нострификация қилиш) бўйича тест синовлари бўлиб ўтди.
Талабгорларга қулайлик яратиш мақсадида имтиҳонлар уларнинг доимий яшаш жойига яқин ҳудудларда – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилди.
Тест синовлари махсус ишлаб чиқилган дастур асосида электрон шаклда ўтказилди. Шунингдек, иштирокчилар тест якунланиши билан ўз натижаларини билиш имкониятига эга бўлди.
Маълум қилинишича, тест синовларида жами 625 нафар талабгор иштирок этган. Белгиланган тартиб-қоидаларни бузгани учун 2 нафар талабгор жараёндан четлатилган. Тест топширганлар орасидан 149 нафари белгиланган талабни муваффақиятли бажарган.
Эслатиб ўтамиз, хорижий давлатда олий таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш (нострификация қилиш) масалалари бўйича фуқаролар Билимни баҳолаш агентлигига белгиланган тартибда мурожаат қилишлари мумкин.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА