“Ўзсувтаъминот”АЖ: АҚШда янги ҳамкорлик истиқболлари белгиланди
Мамлакатимизда аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш, оқова сув тизимларини модернизация қилиш ва тармоққа замонавий технологияларни жорий этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу борада халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, дунёда илғор тажрибага эга компаниялар билан ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда АҚШга хизмат сафари доирасида “Ўзсувтаъминот”АЖ бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи Аҳмад Сувонқулов дунёнинг етакчи сув технологиялари компанияларидан бири “Xylem” ижрочи вице-президенти, стратегия ва ташқи алоқалар бўйича директори Альберт Чо билан учрашди.
Мулоқот давомида компания мутахассислари ичимлик ва оқова сув тизимлари учун ишлаб чиқилган замонавий технологиялар, рақамли ечимлар ҳамда жаҳоннинг турли мамлакатларида амалга оширилаётган лойиҳалар юзасидан тақдимот ўтказди. Таъкидланишича, “Xylem” бугунги кунда дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатида сув хўжалиги соҳасидаги лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириб келмоқда.
Учрашувда сув йўқотишларини камайтириш, сув таъминоти ва оқова сув объектларининг энергия самарадорлигини ошириш, шунингдек, ичимлик ва оқова сувни тозалаш жараёнларини рақамлаштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, “Digital Twin” (“рақамли эгизак”) технологияси ёрдамида оқова сув тозалаш иншоотлари фаолиятини реал вақт режимида таҳлил қилиш, технологик жараёнларни оптималлаштириш ҳамда фойдаланиш харажатларини қисқартириш имкониятлари тақдим этилди. Шунингдек, сув сифатини узлуксиз назорат қилиш имконини берувчи интеллектуал сенсорлар ҳақида маълумот берилди.
Аҳмад Сувонқулов учрашувда Ўзбекистонда ичимлик суви ва оқова сув хизматларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқаро молия институтлари иштирокида ҳаётга татбиқ этилаётган сармоя лойиҳалари хусусида сўз юритди.

Шу билан бирга, мамлакатимиз сув таъминоти тизими корхоналари “Xylem” таркибига кирувчи “Flygt” бренди насос ускуналаридан йигирма йилдан ортиқ вақт давомида самарали фойдаланиб келаётгани қайд этилди. Бу эса икки томон ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Учрашув якунида “Xylem” компанияси оқова сувларни тозалаш жараёнларини “Digital Twin” технологияси ва замонавий мониторинг тизимлари орқали такомиллаштириш юзасидан эксперт кўмагини кўрсатишга тайёр эканини билдирди. Томонлар истиқболли ҳамкорлик йўналишларини биргаликда ишлаб чиқиш, шунингдек, пилот лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА