Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Туркиянинг “Hurriyet” нашри “Dedeman Hotels & Resorts International” ва “Zarafshan golden group” Ўзбекистонда учта меҳмонхона очишга келишиб олгани ҳақида мақола эълон қилди.
– “Дедеман” бренди сифатида янгиланган бизнесни ривожлантириш стратегияси асосида сўнгги 2 йил ичида меҳмонхоналаримизни 70 фоиз кўпайтиришга муваффақ бўлдик, молиявий ўсиш 55 фоизга чиқди, – деди компания халқаро Бошқарув кенгаши раиси Эргун Демирай.
1966 йил асос солинган “Dedeman” меҳмонхона хизмати мажмуасининг ўрта синф ва ҳашаматли сегменти мавжуд. Компания портфелига беш юлдузли меҳмонхоналар, оилавий дам олиш ва бизнес учун мўлжалланган 30 дан ортиқ меҳмонхона киради.
– Туркия ва Ўзбекистон икки қардош давлат, – деди “Zarafshan golden group” директорлар кенгаши раиси Улуғбек Файзиев. – Бугун бизда туризм индустрияси учун ажойиб имконият бор. 3 та меҳмонхона билан иш бошлаяпмиз, келажак учун мақсадларимиз улкан. Туркия билан йўлга қўйиладиган ҳамкорлигимиз Ўзбекистон қиёфасини ижобий томонга ўзгартиради, деган ишонч бор.
Битим имзолаш маросими муносабати билан Истанбул шаҳрида ташкил этилган анжуманда компаниялар асосчилари, раҳбарлари ва юқори мартабали меҳмонлар иштирок этгани таъкидланган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА