Хоразмда навбатдаги жигар трансплантацияси амалиётлари муваффақиятли бажарилди
Хоразм вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида навбатдаги иккита юқори технологик жарроҳлик амалиёти – тирик донордан жигар трансплантацияси амалга оширилди.
Амалиётлар Республика миллий тиббиёт маркази директори ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Жасур Собиров раҳбарлигида маҳаллий мутахассислар иштирокида муваффақиятли ўтказилди.
– Жигарнинг оғир сурункали касалликлари билан даволанаётган икки нафар беморга яқин қариндошлари донорлик қилди, – дейди Жасур Собиров. – Айни пайтда донор ва реципиентларнинг саломатлиги мутахассислар томонидан мунтазам назорат қилиниб, уларга белгиланган тартибда даволаш ва реабилитация тадбирлари олиб борилмоқда.

Инсон қадри ва унинг саломатлиги Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг энг устувор мезонларидан биридир. Аҳамиятлиси, ўтказилган ҳар иккала трансплантация амалиёти ҳам Президентимизнинг тегишли фармони асосида амалга оширилиб, улар билан боғлиқ харажатлар белгиланган тартибда қоплаб берилди.
Бугун мамлакатимиз тиббиёт тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, замонавий технологияларнинг жорий этилиши ҳамда юқори малакали мутахассислар салоҳиятининг юксалиши натижасида илгари фақат пойтахтда ёки хорижда ўтказилган мураккаб тиббий амалиётларни ҳудудларнинг ўзида бажариш имконияти тобора кенгайиб бормоқда.

– Сўнгги йилларда Хоразм вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди, – дейди Марказ бош шифокори Содиқжон Содиқов. – Муассасамиз замонавий тиббий асбоб-ускуналар ва янги аппаратура билан жиҳозланди. Шу билан бирга, шифокорларнинг етакчи тиббиёт муассасаларида малака ошириши учун яратилган имкониятлар мутахассисларнинг касбий ва амалий салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Жигар трансплантацияси каби мураккаб операцияларнинг Хоразмда изчил амалга оширилаётгани ҳудуд тиббиёт салоҳияти янги босқичга кўтарилаётганидан далолат беради.
Қайд этиш керак, Хоразм вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази жамоаси эришилган натижалар билан чекланиб қолмасдан, трансплантология, юқори технологик жарроҳлик ва бошқа замонавий тиббий йўналишларни янада ривожлантириш, мутахассислар салоҳиятини ошириш ҳамда аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш кўламини кенгайтириш борасидаги ишларни изчил давом эттирмоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири