Ёмғир – фойдаланилмаётган бепул сув манбаи
Глобал иқлим ўзгариши, музликларнинг эриши ва аҳоли сонининг шиддат билан кўпайиши туфайли сув инқирози аллақачон эшик қоқиб турибди. Айниқса, биз яшаб турган Марказий Осиё минтақаси сув тақчиллиги хавфи энг юқори бўлган ҳудудлардан бири саналади. Агар бугун сувдан фойдаланиш маданиятимизни ўзгартирмасак, эртага жамият қуйидаги энг катта муаммоларга дуч келади.Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи Муҳсиддин Низомиддинов буни теран англаган ҳолда ажойиб тажрибага қўл урди.
– Тошкент вилояти Паркент туманидаги устозимнинг хонадонида айнан шу ғоя асосида кичик, аммо амалий тажрибани бошладик, – дейди Муҳсиддин Низомиддинов. – Мақсадимиз оддий эди, томдан оқиб кетаётган ёмғир сувини шунчаки канализацияга ёки кўчага оқизиб юбормасдан, уни йиғиш, сақлаш ва ичимлик сувини талаб қилмайдиган (техник сув) эҳтиёжларда қайта фойдаланиш. Дастлаб бу оддий тажриба эди. Аммо тажриба натижалари бизга бу масалага бошқача қараш кераклигини кўрсатди. Томнинг майдони тахминан 200 квадрат метр, тўрт бурчагида ёмғир сувини чиқарувчи силифлар мавжуд. Ҳозирча улардан фақат биттаси йиғиш тизимига уланган. Апрель ойида ёмғир ёғган пайтда, бир кунда фақат шу битта силифдан тахминан 2 тонна, яъни 2 минг литр сув йиғилди.
Бу билан ичимлик сувини асраяпмиз, шунингдек, ёмғир сувини фойдали ресурсга айлантиряпмиз. Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати йиғилган сувни керакли жойларга етказиш учун насосдан фойдаланилмоқда. Бу насос эса қуёш панеллари ишлаб чиқарадиган электр энергияси орқали ишлайди.

Ўзбекистон аҳолиси қарийб 39 миллион кишини ташкил этади. Агар бир кишига кунига ўртача 99 литр ичимлик суви тўғри келса, бир кунда 39 миллион × 99 литр = яъни тахминан 3,861 миллион куб метр сув йиғилади. Бир йилга ҳисоблаганда эса бу тахминан 1,409 миллиард куб метр бўлади.
Ўзбекистон ҳудудида ёғингарчилик миқдори ҳудудларга қараб фарқ қилади. Лекин деярли ҳар бир ҳудудда ёмғир ёғади. Бугунги кунда эса кўплаб хонадонларда томдан тушаётган ёмғир сувидан фойдаланилмайди. Агар томдан тушадиган сув силиф орқали резервуарга йўналтирилса, фильтрдан ўтказилса ва хавфсиз фойдаланиш тизими яратилса, хонадон ўзининг кичик сув захирасига эга бўлади. Келажакдаги янги уй-жой лойиҳаларида айнан шу имкониятни ҳисобга олиш керак. Мактаб, боғча ва поликлиникаларда бундан ҳам катта имконият бор.

Лойиҳанинг биз учун энг муҳим жиҳатларидан бири шундаки, иш фақат қурилмани ўрнатиш билан тўхтаб қолмаяпти. Амалий тажриба билан бир вақтда қонунчилик бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасидаги депутатлар билан биргаликда ёмғир сувини йиғиш, ундан самарали фойдаланиш ва сувни тежаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қонунчиликка таклифлар тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, лойиҳанинг бошқарув ва самарадорлик жиҳатларини ривожлантиришда Бошқарув самарадорлиги агентлигининг кўмаги ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда.
Сув масаласи ҳақида фақат давлат идоралари эмас, ҳар биримиз ўйлашимиз керак. Бугун томдан оқаётган сувни биз “ёмғир” деб кўришимиз мумкин. Аммо эртага у ичимлик сувини тежаган 2 минг литр, 10 минг литр ёки миллионлаб литр сув бўлиши мумкин, – дейди Муҳсиддин Низомиддинов.
Гулноза Бобоева ёзиб олди, ЎзА