Тошкентдаги сув ҳавзаларида заҳарланиш ҳолатлари қайд этилдими?
Ижтимоий тармоқларда пойтахтимиздаги чўмилиш ҳавзаларида чўмилиш натижасида аҳоли орасида касалланиш ҳолатлари кўпайгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Хўш, ушбу хабарлар қанчалик асосли?
Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг расмий муносабатида қайд этилишича, пойтахтимизда фаолият юритаётган 57 та чўмилиш ҳавзаси Бошқарма ва унинг туман бўлимлари томонидан мунтазам санитария-эпидемиологик назоратга олинган.
Тасдиқланган режа асосида сув намуналари ҳар ойда бактериологик ва санитария-гигиеник кўрсаткичлар бўйича лаборатория текширувларидан ўтказилади.
Жорий йил давомида чўмилиш ҳавзаларидан 1 044 та сув намунаси таҳлил қилинди. Санитария талабларига жавоб бермаган ҳолатлар аниқланган 7 та мавсумий чўмилиш ҳавзасида сув тўлиқ алмаштирилиб, ювиш ва зарарсизлантириш ишлари амалга оширилди.
Шунингдек, бугунги кунга қадар чўмилиш ҳавзаларида чўмилиш натижасида заҳарланиш ёки юқумли касалликлар билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан бошқармага бирорта ҳам шошилинч хабарнома келиб тушмаган.
“Шу сабабли, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган мазкур хабарлар тасдиқланмаган бўлиб, ҳақиқатга тўғри келмайди.
Фуқаролардан асоссиз хабарларга ишонмаслик, уларни тарқатмаслик ҳамда фақат расмий манбаларда эълон қилинадиган ишончли маълумотларга таянишларини сўраймиз”, дейилади расмий муносабатда.
М.Қосимова, ЎзА