Ҳоким ёшлар муаммоларини тинглади
Ёшларнинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш, муаммоларини жойида ўрганиш ва уларга амалий ечим топиш — бугунги куннинг муҳим вазифаларидан. Мирзаобод туманидаги Сафарбарлик чақирув резерви батальонида Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Дониёр Қодировнинг «Жасорат мактаби» ҳарбий-ватанпарварлик ўқув-йиғини тўртинчи мавсуми иштирокчилари билан учрашуви ҳам шу мақсадга қаратилди.
Пайшанба — ёшлар куни доирасида ташкил этилган очиқ мулоқотда йигитлар ўзларини қийнаётган масалалар, келгуси режалари ва амалга оширмоқчи бўлган ташаббуслари ҳақида сўз юритди. Ишга жойлашиш, тадбиркорликни бошлаш, таълим олиш, касбий кўникмаларни ошириш ва оилавий муаммоларни ҳал этиш каби масалалар юзасидан мурожаатлар билдирилди.

Ўқув-йиғиннинг аввалги мавсумларида 385 нафар ёш иштирок этган бўлса, тўртинчи мавсумда 85 нафар йигит тайёргарлик кўрмоқда. Эътиборлиси, улар ҳарбий билим ва кўникмаларни эгаллаш билан бирга, электрлик, сантехник ва монтажчи каби касбларни ҳам ўзлаштирмоқда. Бу эса ёшларнинг келгусида меҳнат бозорида ўз ўрнини топиши ва мустақил ҳаётга тайёр бўлишида муҳим аҳамият касб этади.
Учрашувда ёшлар томонидан билдирилган мурожаатлар турли йўналишларни қамраб олди. Хусусан, чорвачилик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит олиш, ишга жойлашиш, таълим шартнома тўловини қоплашда кўмаклашиш, ҳарбий хизматни давом эттириш, сартарошлик фаолияти учун жой ва зарур жиҳозлар ажратиш, автосервисни кенгайтириш ҳамда компьютер харид қилиш масалалари кўтарилди. Шунингдек, оилавий ва саломатлик билан боғлиқ муаммолар юзасидан ҳам ёрдам сўралди.

Вилоят раҳбари мурожаатларни бирма-бир тинглаб, уларни ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берди. Айрим масалалар юзасидан зарур чоралар кўрилди, қўшимча ўрганишни талаб қиладиган мурожаатлар бўйича эса аниқ вазифалар белгиланди.

Ёшларнинг келгуси режалари ва касбий интилишлари ҳам мулоқот марказида бўлди. Ички ишлар академик лицейини тамомлаган Жаҳонгир Ўрозалиев ички ишлар тизимида хизмат қилиш истагини билдириб, шу борада амалий кўмак сўради.
— Мурожаатим тингланиб, масалани ижобий ҳал этиш бўйича масъулларга топшириқ берилди. Ҳозир Мирзаобод туманидаги Сафарбарлик чақирув резерви батальонида хизмат қиляпман. Бу ердаги шароитлар яхши. Ҳарбий тайёргарлик билан бирга электрлик, сантехниклик ва монтажчилик каби касбларни ҳам ўрганяпмиз. Бу билимлар келгусида ўз йўлимни топишим ва касбий фаолиятимни бошлашимда асқотади, — деди Жаҳонгир Ўрозалиев.

Мулоқотда ёшларнинг истеъдоди ва қизиқишларини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ширин шаҳрида яшовчи Ҳамиджон Жўрақулов мусиқага бўлган қизиқиши ва гитара чалишни ўрганиш истагини билдириб, чолғу асбобига эҳтиёжи борлигини айтди. Унинг мурожаати қўллаб-қувватланиб, Сирдарё вилояти маданият бошқармаси бошлиғи Жасуржон Эгамбердиев томонидан унга гитара совға қилинди. Шунингдек, мусиқий маҳоратини ошириши учун малакали ўқитувчи бириктирилди.

Учрашувда вилоят ҳокимлиги, Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги, Сафарбарлик чақирув резерви батальони қўмондонлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши, вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этишди.
Учрашув ёшларнинг муаммоларига ечим топиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва орзу-интилишларини рўёбга чиқариш йўлида муҳим қадам бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири