Тиббиёт муассасалари фаолияти ўрганилди
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш, тиббий хизматлар сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Соҳадаги долзарб масалалар депутатларнинг ҳам доимий эътиборида бўлиб келади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзолари томонидан Нукус шаҳридаги Қорақалпоғистон тиббиёт институти, Қорақалпоғистон Республикаси шошилинч тиббий ёрдам маркази ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги 2-сон Нукус жамоат саломатлиги техникуми фаолияти ўрганилди.
Ўрганишлар давомида депутатлар тиббий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизими, таълим сифатини ошириш, замонавий ёндашувлар асосида ўқув жараёнларини кучайтириш масалаларига эътибор қаратди. Шунингдек, педагоглар ва тиббиёт ходимлари учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш борасида таклиф-тавсиялар билдирилди.
Ўрганишлар давомида малакали тиббий мутахассислар тайёрлашда назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштириш, моддий-техник имкониятларни янада яхшилаш ва улардан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Қорақалпоғистон Республикаси шошилинч тиббий ёрдам марказидаги ўрганишлар чоғида аҳолига тезкор ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, тиббиёт ходимлари фаолияти учун зарур шароитларни таъминлаш ҳамда марказнинг моддий-техник имкониятларини яхшилаш ва улардан самарали фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.
М.Комилова,
ЎзА